Ҳар бир хотин-қиз давлат ҳимоясида

24.02.2022 09:02:17

Шеробод тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида партиянинг Шеробод туман Кенгаши томонидан тумандаги туманлараро иқтисодий суди ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорликда «Ҳимоя ордери» берилишининг ҳуқуқий асослари» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партия туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, туманлараро иқтисодий суди вакиллари, туман ҳокимлиги ходимлари ҳамда турли ташкилотлардан вакиллар иштирок этишди.

Тадбирни партия Шеробод туман Кенгаши раиси Қарши Алланазаров очди ва иштирокчиларни тадбирдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар хусусида тушунтириб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори хусусида атрофлича маълумотлар бериб ўтишди.

Қарор ва Фармон кўра, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари этиб хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга доир бир қатор чора-тадбирлар белгиланганлигини гапириб ўтишди.

Юртимизда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш; хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар олиб борилаётганлигини айтиб ўтишди.

А.Н.Мамараимов, Шеробод туманлараро иқтисодий суди раиси:

- Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, зарур шароитларни яратиб бериш билан бир қаторда улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда Гендер тенглик бўйича қонун ва аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунлар қабул қилинди. Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат саналади. Ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати профилактика инспекторига берилган. Аниқланган ёки келиб тушган барча зўравонлик ҳолатлари юзасидан маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилиб, 24 соат ичида ҳимоя ордери бериш чоралари кўрилади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатга берилиб, шу муддат мобайнида хавф бартараф этилмаса, уни узайтириш бўйича мурожаатга асосан яна 30 кун муддатга берилади.

Ҳимоя ордери берилишининг асосий мақсади қаерда бўлишидан қатъий назар, зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш ва такрорий зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатларининг олдини олишдир. Тадбирда ана шулар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилиб, иштирокчиларга батафсил тушунтириб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида амалдаги қонунчилигимизда аёлларга нисбатан содир этилган зўравонликларга нисбатан қўлланилувчи жазолар, руҳий ва жисмоний таҳдидга учраб, реабилитация марказига келтирилган ёки ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаётган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ саволларга ҳам батафсил жавоб берилди.

Таҳлил ва танқид руҳида ўтган очиқ мулоқотда хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқий саводхонлик тадбирлари самарадорлигини ошириш, маҳаллаларда ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари фаолиятини яхшилаш ҳамда депутатлар томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича соҳа вакилларидан тегишлича жавоблар олишди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат»СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+