Ҳар бир муаммога масъулият билан ёндашиш-давр талаби

17.06.2022 11:06:55

Бугун муҳтарам Президентимиз ўртага қўяётган муҳим масала — давлат хизматида бўлган ҳар бир раҳбар ва ходим, депутат ўзига юклатилган вазифага масъулият билан ёндашиши зарур.

Бунга қатъий амал қилиб иш тутаётган Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан тузилган депутатлар ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳлари фуқаролар билан юзма-юз мулоқотларда ўртага ташланаётган ҳар бир муаммога жиддий эътибор билан қараяптилар. Муаммонинг ечимини топиш, норози кайфиятда юрган фуқароларни жамият ва давлатдан рози қилишга ҳаракат қиляптилар.

Хусусан, вилоятнинг барча туман Кенгашларидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоят миқёсида жами 7 та МФЙ ўрганилиб64 та хонадон, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ижтимоий объектлар ҳолати атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар мобайнида аҳоли томонидан 12 та мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга 8 та депутатлик сўровлари юборилди.

Хусусан, Жарқўрғон туман Кенгаши вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан Жарқўрғон туманидаги «Деҳқонобод» МФЙ ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилди. Маҳалла фуқаролари билан учрашув ўтказилди ва муаммолари ўрганилди. Жумладан, тумандаги «Деҳқонобод» маҳалласидаги юзма юз мулоқотларда шу маҳаллада истиқомат қилувчи Дилором Бегимқулова хонадонида иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит олишда муаммоларга дуч келаётганлигини айтиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан ишчи гуруҳи раҳбари Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши депутати Очил Жиянов томонидан Д.Бегимқулова хонадонида иссиқхона ташкил этиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли кредит олиши учун туман ҳокими мутасаддиларига учрашилди ва фуқарога Микрокредит туман бўлимидан 33 миллион кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Партиянинг Бандихон туман ишчи гуруҳи томонидан тумандаги сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш мақсадида олиб борилган мулоқотларда тумандаги «Оққўтон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан маҳаллада тоза ичимлик суви йўқлиги, мазкур муаммони ҳал қилиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар қилишди.

Шунингдек, маҳалла ички кўчалари ҳам жуда таъмирталаб эканлигини айтиб бу муаммони ҳам ҳал қилиб беришларини илтимос қилишди. Мурожаатлар юзасидан Халқ депутатлари Бандихон туман Кенгаши депутати Содиқ Каримбердиев томонидан маҳаллага тоза ичимлик суви келтириш юзасидан «Сувоқова» туман бўлими раҳбариятига ва «Оққўтон» МФЙ ҳудудидаги ички кўчаларини таъмирлаш тўғрисидаги мурожаат юзасидан туман Йўллардан фойдаланиш ва таъмирлаш корхонаси раҳбарияти номига депутатлик сўрови юборилди. Депутат бу масалаларни ўз назоратига олишини фуқароларга билдирди.

Шунингдек, партиянинг Термиз тумани ишчи гуруҳи томонидан тумандаги «Бунёдкор» МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Жумаева Насиба 4 нафар фарзанди бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила бўлиб , бир нафар 1- гуруҳ кўзи ожиз фарзанди борлигини, турмуш ўртоғи бетоблиги сабабли ногиронлик нафақасига чиқиши лозимлигини айтиб масалани ҳал қилиб беришда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати Ш.Ҳайитов мурожаатни ўрганиб чиқиб фуқаро Н.Жумаеванинг турмуш ўртоғини ногиронлик нафақасига чиқарилиши юзасидан туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди.

Қолаверса, мазкур ишчи гуруҳи томонидан Қумқўрғон «Тўғон» МФЙдаги фуқаролар билан бевосита суҳбатлар уюштирилганда ушбу маҳаллада ҳам муаммолар борлиги аниқланди. Ишчи гуруҳи билан қилинган юзма юз мулоқотларда «Тўғон» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар Шуҳрат Рамазонов , Абдували Қўзиев, Диёр Сарибоев ва Мамаюсуф Жўраевлар деҳқончилик қилишлари учун ғалладан бўшаган ерларда такрорий экин экиш учун ер олишда ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Ишчи гуруҳидаги депутатлар томонидан мазкур мурожаат ҳам ўрганилиб чиқилиб, фуқароларга такрорий экин экиш учун ер ажратиш мақсадида «Тўғон» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Сурхон гавҳари» фермер хўжалиги раҳбариятига учрашилди ва ушбу фуқароларга 0,60 гадан ер майдони ажратиладиган бўлди.

Ишчи гуруҳлари ўрганишлари давом этмоқда.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+