Ҳар бир мурожаат муаммога ечим излашга ундайди

20.04.2021 19:04:56

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгашида партия ҳудудий Кенгашлари ва депутатлик гуруҳларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, жойларда партиявий  муҳим  дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилмоқда. Хусусан,  халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи белгиланган режани амалга ошириш учун самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Мазкур ишчи гуруҳи томонидан Сариосиё туманидаги тоғли ҳудудлардан бири “Субҳидам”  МФЙ ҳудудида  жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилди. МФЙ ҳудудида жойлашган 5 та хонадонга ташриф буюрилиб, 23 нафар фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Ўрганиш жараёнида ўтказилган мулоқотда фуқаролардан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тушди. Улар асосан бандликни таъминлаш ва коммунал соҳа билан боғлиқ шикоятлар бўлиб, аксарияти жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, “Субҳидам”  МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га  киритилган фуқаролар томонидан иш билан таъминланишда амалий ёрдам сўраб мурожаатлар бўлди. Мазкур масала бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати  Қ.Насриддинов   тегишли мутасадди идоралар билан ҳамкорликда муаммога ечим топишни фуқароларга билдирди.

Шунингдек, ушбу маҳалла фуқаролари Г.Ҳамидова, Р.Насруллаевлар томонидан коммунал тўловларда муаммолар юзага келаётганлигини, мазкур муаммони ҳал қилиб беришларини сўраб мурожаат қилишди. Ишчи гуруҳ томонидан муаммо атрофлича ўрганилиб туман электр тармоқлари идораларига мурожаат қилинди ва асоссиз қарздорликлар бартараф этилди.

Муҳибилло Муродов, “Субҳидам” МФЙ раиси

— Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди, гап унинг ечимида. Шу жиҳатдан олганда, аҳоли билан мулоқотнинг  самарали механизми йўлга қўйилиб, одамлар дарду ташвишларига аҳамият қаратилаётгани қувонарлидир. Бугун одамларнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш тамойили фаолиятимизнинг бош мезони сифатида қабул қилинмоқда. Чунки юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин. Бу борада партия вакилларининг амалий ишлари таҳсинга сазовор. Бугунги мулоқотлар жараёнида маҳалламиз фуқароларини ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим изланди. Ҳал қилиш чоралари кўрилди. Ижроси қатъий назоратга олинди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ рози бўлса, ишда унум ва барака бўлади.

 

Сабоҳат НОРБОЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сариосиё туман “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+