Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор

30.07.2022 09:07:48

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари амалдаги қонун ҳужжатлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижросининг жойлардаги таъминланиш даражаси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, фуқароларнинг дарду ташвишини эшитиш, муаммоли масалаларга қонуний ечим топиш, шунингдек, уларга ҳар томонлама кўмаклашиб, ҳар бир шахснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратишмоқда. 

Партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида партия ходимлари, депутатлар ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган ҳолда маҳаллалар кесимида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳар бир муаммони ижобий ҳал этиш учун амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шундай очиқ мулоқотлардан бири тумандаги “Мўлканлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилганда, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли томонидан маҳалладаги “Қўштепа”, “Мўлканлик”, “Пиллакор” кўчаларининг таъмирталаблиги юзасидан ишчи гуруҳга мурожаат қилинди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Шоира Акбарова муаммони ўрганиб чиқиб, масалани ҳал этиш юзасидан туман ҳокимлиги ва туман йўл қурилиш пудрат корхонасига мурожаат қилди. Натижада “Қўштепа” ва “Мўлканлик” кўчалари асфальт қилиниб, “Пиллакор” кўчасига шағал ётқизилди.

Депутат томонидан пaртиянинг “Бир aдoлaтчи – юз aёлгa ҳимoячи” лoйи­ҳaси дoирaсидa мубoрaк Қурбoн ҳaйити aрaфaсидa ўз ҳисоби ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан “Мўлкaнлик” мaҳaллa фуқaрoлaр йиғинидa истиқoмaт қилувчи 20 дaн oртиқ кaм тaъминлaнгaн вa эҳтиёжмaнд oилaлaр ҳолидан хабар олиб, уларга истеъмoл мaҳсулoтлaридaн ибoрaт сoвғaлaр тaрқaтилди.

Тумандаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Усмон Носир кўчаси 73-уйда яшовчи кўп фарзандли, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаро Фахриддин Арзиқулов томонидан уйининг том қисмини ёпишда амалий ёрдам сўраб мурожаат бўлди. Унинг мурожаати Ш.Акбарова томонидан ўрганилиб, туман ҳокимлигига мурожаат қилинди. Натижада фуқаро Ф.Арзиқулов “Темир дафтар”га киритилди ҳамда ҳомийларни жалб қилган ҳолда 100 дона шифер олиб берилди.

“Мулканлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зарифа Мансурованинг фарзандини даволатиш мақсадида қилган мурожаати асосида унга фарзандининг соғлигини тиклаш учун депутатнинг шахсий маб­лағи ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи Дилафруз Ибрагимованинг ўғли, 1-гуруҳ ногирони Сардор Зиятовга эшитиш мосламаси олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида депутат томонидан туман тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови чиқарилди ҳамда унга эшитиш мосламаси бериладиган бўлди.

Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш долзарб вазифадир. Бу борада депутат Шоира Акбарова томонидан партиянинг “Бир ойда – бир иш ўрни” лойи­ҳаси доирасида 15 нафар ишсиз ёшлар ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди.

– Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим, – дейди депутат Шоира Акбарова. – Қолаверса, аҳоли орасида электоратимизни шакллантириш, хусусан, ёш кадрларни иш билан таъминлаш, коммунал хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолат тамойилларини амалга ошириш юзасидан бошлаган амалий ишларимизни давом эттириш олдимизда турган долзарб масала ҳисобланади.

Дарҳақиқат, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулияти ва мажбурияти бор. Уларни виждонан бажарган депутатларгина халқ эъзозига ва ҳурматига сазовор бўлишади. 

Жиззах вилоят кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+