Ҳар бир тилнинг ўз ўрни бор

14.07.2021 19:07:10

Туманимиз марказида таниқли ўзбек маърифатпарвари Исҳоқхон тўра Ибратнинг ёдгорлик мажмуаси қад кўтарган. Бу алломанинг Ватанимиз учун қандай хизматлар қилгани бугунги кунда кўпчиликка маълум. У айниқса, халқимиз орасида  хорижий тилларни ўрганишни кенг тарғиб қилган. Ўзи очган мактабларда сабоқ берган. Олти тилли луғат ҳам тузган.

Маърифатпарвар устозимиз инглизча, арабча, форсча, туркча қатори русчани ҳам пухта билган. Шу туфайли ўтган аср бошларида Фарғона водийсида биринчи ҳисобланган босмахона ускуналарини Россиянинг Оренбург шаҳридан олиб келган. Алломанинг мақолалари “Туркестанские ведомости” газетасида ҳам босилиб турган. У рус тилидаги адабиётларни, газеталарни мутолаа қилган.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ таълими вазирининг мактабларда рус тилини ўқитишни яхшилаш юзасидан фикр билдирганидан хабардор бўлдим. Чиндан ҳам бу масала анчадан бери етилиб келаётган эди. Чунки кейинги йилларда қатор фанларни, жумладан, хорижий тилларни ўқитишни яхшилаш юзасидан тадбирлар белгиланди. Аммо рус тили бўйича шундай муаммолар кўриб чиқилмади.

Ҳолбуки, айни пайтда рус тилида таълим йўлга қўйилган мактаблар сони оз эмас. Аммо аксарият жойларда у фақат бошланғич синфларни қамраб олган. Сабаби – математика, физика, кимё ва бошқа фанлардан юқори синфларда дарс берадиган ўқитувчилар етишмайди  Бу соҳадаги мутахассисларни кўпайтириш чорасини кўриш лозим. Яна бир муаммо – ўзбек мактабларида ишлайдиган рус тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан боғлиқ. Бу ишни мунтазам асосда йўлга қўйиш даркор.

Бу фикрларни айтишдан мақсад – Россия Федерацияси  мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги етакчи ҳамкорларидан ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Россияда ўқийдиган ва ишлайдиган ҳамюртларимиз  кўпаймоқда. Ўз-ўзидан ижтимоий-маданий алоқаларни кенгайтиришга ҳам эҳтиёж катта. Шундай экан, мактабларимизда рус тили ва адабиётини ўқитишга эътиборни кучайтиришнинг нафи катта, деб биламан. 

Дарвоқе, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтказилиши бунга умуман таъсир қилмайди. Чунки авваллари ҳам аждодларимиз орасида рус тилини яхши билганлар кўп бўлган. Ҳолбуки, у пайтларда эски ўзбек ёзувидан фойдаланилган. Фуқароларимиз қанча кўп тил билса, шунча яхши, деб ўйлайман.

                                                                 

Заҳрохон АҲМЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси

 

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+