“Ҳар  бир ёшга –бир гектар ер” лойиҳаси амалда

03.03.2021 18:03:02

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг турли соҳалардаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, муаммоларини ечиш нечоғлик  мураккаб  бўлмасин ҳамда қанчалик  кўп ресурсларни талаб қилмасин катта эътибор қаратилмоқда. Ёшларга оид аниқ сиёсат белгиланиб,   уни амалга ошириш чора-тадбирлари кўриляпти. Хусусан, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини  мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу масала ўз аксини топган.

Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши туман Кенгаши томонидан “Ҳар бир ёшга-бир гектар ер” лойиҳаси доирасида  кенг қамровли ишлар ташкил этилиб, депутатлар ҳамда партия фаоллари иштирокида жамоатчилик назорати ўрнатилаяпти. Шуниси эътиборлиси, “Адолат” СДП фаолларининг  саъй-ҳаракати билан “Ҳар бир ёшга-бир гектар ер” лойиҳаси асосида Қарши туманидаги “Насаф”, “Акмал Икромов”, “Ҳилол”  маҳалла фуқаролар йиғинларида ишсиз бўлган 301 нафар ёшга полиз, нўхат, ток, картошка, боғдорчиликни йўлга қўйиш учун бир гектардан ер ажратилди. Айни пайтда ўз ерига, даромад топиш манбаига эга бўлган ёшлар қизғин меҳнат оғушида.

-Биз ушбу лойиҳа  асосидаги бундай хайрли ишларимизни йил охиригача давом эттирамиз,-дейди партиянинг Қарши туман Кенгаши раиси Жасур Лутфиев.-Токи, туманимизда ишсиз ёшлар бўлмасин. Шу мақсадда 1000 нафар ҳаракатчан, интилувчан ёшларга 1000 гектар ер ажратилишида беминнат ўз улушимизни қўшамиз.

-Партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган ёшлар масаласига оид устувор вазифаларга асосан туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар билан ёшларнинг ижтимоий,  сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш учун алоҳида ташаббус кўрсатаяпмиз.- дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов.-Партиямиз фаоллари тегишли  ташкилотлар билан биргаликда тумандаги “Яхши Омонов”, “Собир Рахимов”, “Гули Бўстон”  ҳудудлари қишлоқларида ўрганишлар олиб борганимизда 314 нафар ишга яроқли ёшлар борлигини аниқладик. Шу асосда  ушбу ишсиз ёшларнинг ўз фермер хўжаликларини ташкил этишлари учун 150 гектар ер ажратилишини таъминладик.

Дарвоқе, Ўзбекистон “Адолат”  СДП фаолларининг бу борадаги муваффақиятларида  давлат ҳокимияти ва бошқарув  органлари ҳамда ўз сафида минглаб йигит-қизни бирлаштирган Ёшлар Иттифоқи, маҳалла, хотин-қизлар, жамоат  ташкилотлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани ўз самарасини бераётир.

Биз иш билан таъминланган ёшлар билан мулоқотда бўлдик.

-Менга “Ҳилол” ҳудудидан 1 гектар ер ажратиб берилди,-дейди шу ҳудудда яшовчи  ёш тадбиркор Гулчеҳра Раҳмонова.-Бу ернинг ярмига бозори чаққон полиз экинлари, қолганига эса экспортбоп мош, нўхат, булғор қалампири экишни  бошладим. Оиламга 30 миллион сўм даромад келтирмоқчиман.

-Бизга уруғ бепул берилаётгани, ишни йўлга қўйиб олишимиз учун субсидиялар ажратилаётгани катта имкониятдир,-деди “Қорақуччи”  МФЙда  яшовчи яна бир ёш тадбиркор йигит Дилшод Ҳамраев.-Айтинг, қайси давлат  ўз ёшлари  ижтимоий фойдали меҳнат билан банд бўлишлари учун бизнинг мамлакатимиздагидек етарли шароит  яратиб беради? Бундан тўғри фойдаланишимиз керак.

                                                                      Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё

                                                                Вилоят Кенгаши матбуот хизмати

    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+