Ҳар соҳада қонун устувор бўлсин

23.04.2021 09:04:50

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида  ЙПХ ходимининг фуқаро билан низоли ҳолати тасвирга туширилган видео тарқаб, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, ЙПХ ходими катта эҳтимол билан видеотасвирдаги отахоннинг ЛАБО автомобилига нотўғри юк ортганлиги учун баённома расмийлаштирган. Воқеалар ривожидаги ходим ва фуқаро ўртасидаги қўпол ва муаммоли муомала номаълум шахс томонидан қўлбола видеотасвирга туширилиб, интернетда тарқатилган.

Шўрчи туманидаги ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан расмий муносабат билдирилди.

Мазкур видеотасвирни кузатар эканмиз, отахоннинг ИИБ ходимига нисбатан қўпол муомаласини, ўзини оқлаш мақсадида дўқ ва ҳақорат билан ўз ҳолатини тушунтираётганлигини  кўришимиз мумкин.

Маълумки, “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18- моддасида “Ташувчининг мажбуриятлари: ташиш шартномаси шартларига риоя қилиши; йўловчилар, багаж ва юклар ташишнинг белгиланган қоидаларига риоя қилиши шарт” деб таъкидланган. Албатта, йўл ҳаракати қоидаларини менсимасдан, фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйиб, белгиланган меъёрдан чиқиб кетган ҳолда  нотўғри юк ортиш қонунга биноан тақиқланган. Аммо, турмушимизни кузатар эканмиз, бундай ҳолатлар юртимизнинг ҳар бир бурчагида рўй бераётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Ижтимоий тармоқларда шунга ўхшаш ҳолатлар туширилган видеотасвирларни кузатяпмиз. Яқинда ижтимоий тармоқларда ҳайдовчининг “Дамас” автомобилида 28 нафар боғча болаларини ноқонуний ортиб манзил томон кетаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Йўлда ДАН ходимининг ҳушёрлиги туфайли автомобиль тўхтатилиб, болалар автомобилдан туширилди. Энди вазиятга баҳо берайлик, ёши бир жойга борган, жамият қонунларидан хабари бор ҳайдовчининг бу ҳатти ҳаракатини қандай изоҳлаш мумкин!? Жондан азиз фарзандларини ҳайдовчига ишониб топшириб қўйган ота-оналар йўлда бирор ҳодиса юз бермаслиги хусусида ўйлаб кўришмадимикан!?

Шунингдек, ушбу қонуннинг 17-моддасида “Юк ташувчи фуқаролар ҳаётига, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи, экология ва санитария нормалари бузилишига ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга сабаб бўлувчи ҳолатларда ташишдан воз кечиш” хусусида таъкидланган. Шўрчи туманида бўлган мазкур ҳолатда нафақат фуқаролар ҳаётига таҳдид солинишининг, балки ғайриқонуний ҳаракатлар туфайли санитария қоидалари бузилиб, касаллик келтириб чиқиши мумкин бўлган, яна шунингдек, юз бериши мумкин бўлган аянчли йўл транспорт воқеа ҳодисаси ҳолатларининг олди олинаётганлигини ҳис қилиш мумкин. Албатта, ҳар бир ҳайдовчи йўл транспорт қоидаларини мукаммал билиши, автомобилларга юк ортишда белгиланган меъёрий норматив-ҳужжатлардаги қонун-қоидалардан яхши хабардор бўлиши шарт. Шунингдек, хизмат вазифасини бажариб турган ИИБ ходимини ҳақорат қилганлиги учун ҳам қонунларда жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслиги керак.        

Воқеани кузатар эканмиз, ҳайдовчининг нотўғри хатти-ҳаракатига жавобан ИИБ ходимининг ҳам қўпол қўл ҳаракатлари билан ҳайдовчига дўқ ураётганлигини кўриш мумкин. Бу ерда ИИБ ходими ўз хизмат вазифасини қўпол тарзда бузаётганлигини, фуқаро агар юк ташиш қоидаларидан мукаммал хабардор бўлмаса, уни диққат билан тинглаб, босиқлик билан қонуний чора кўрилаётганлигини тушунтириши керак эди. ИИО ходимларининг касбий одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ фуқарога нисбатан хайрихоҳ, одобли ва диққатли бўлиши, фуқаролар билан мулоқотда сабрлилик ва ҳурматни намойиш этиши лозим эди. Ходимлар фуқароларга нисбатан муносабатда қўполлик кўрсатмаслиги, шахслар шаъни ва обрўсини ерга уришга йўл қўймаслиги, руҳий ва жисмоний таъсир ўтказмаслиги лозимлиги каби этика қоидаларига амал қилиши лозим эди.

Чунки, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасида “Фуқарога нисбатан унинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекловчи чоралар қўлланилган тақдирда, бундай чоралар қўлланилишининг сабабини ҳамда асосларини, шунингдек фуқаронинг шу муносабат билан юзага келадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини унга тушунтириши шарт” дея таъкидланган.

Жамиятимизда юзага келаётган ИИБ ходимлари ва фуқаро билан бўлган вазият ҳам, бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими ва ҳайдовчилар билан юз бераётган ҳолатларнинг ҳам сабаблари бу тизимдаги айрим камчиликларга бориб тақалади.Тизим ходимлари орасида шу соҳанинг вакили бўла туриб, соҳага доир қонун ва меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўла билмайдиганлари ҳам учрайди. Қолаверса, айримлари кундан кунга янгиланаётган қарорлар ва қонунлардан ҳам бехабар. Ўз устида ишламайди. Чунки, иш жараёнида бу нарсалар ходимдан қатъий талаб қилинмайди. Демак, жамоатчилик билан ишлайдиган ходимларни маънавий етуклик даражасига, ахлоқан босиқ, ўзини жиловлай олиш қобилиятига эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Қонун устуворлигини таъминлайдиган, халқимиз рози бўлиб яшайдиган жамият қуришимиз учун шундай маънавий етук кадрларни тарбиялаш керакки, улар ҳар қандай шароитда ҳам жамият фаровонлигини ўз манфаатларидан юксакка қўя олишсин.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+