Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

03.12.2020 18:12:48

Юртимизда дориламон кунларга шукроналар айтиш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват, оқибат кўрсатиш эзгу анъанага айланган. Фуқароларимиз яхшилик ва эзгулик қилишдан, меҳр-саховат улашишдан чарчамайди. Миллатимизга ҳос саховатпешалик, инсонийлик, ва бағрикенглик 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоятимиз бўйлаб уюштирилаётган тадбирларда ўз аксини топди.

Ушбу сана муносабати билан Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, вилоят маҳалла ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Абдумажид Саттаров томонидан Бахмал туманидаги 6-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Ҳар бирингиз эътибордасиз!” мавзусида ҳайрия тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Бахмал туман Кенгаши ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимлари, Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдумажид Саттаров сўзга чиқиб, бугунги кунда маҳаллаларда аҳоли билан билан ишлашда  давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан бир қаторда, маҳаллий Кенгаш депутатларининг олдида турган долзарб вазифалар, уларнинг бугунги кундаги мажбуриятлари, юртимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирилиб ўтди. Қолаверса, ташкил қилинган мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ва келгусида қилиниши лозим бўлган долзарб вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Тадбир мобийнида тумандаги ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган 23 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшак жилдларидан иборат совғалар ҳамда 2 нафар фуқарога эшитиш мосламалари топширилди. Шунингдек, ташкилотчилар томонидан ётиб қолган фуқароларнинг хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Жумладан, “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Туронбоева Норбувига ногиронлар аравачаси берилган бўлса, маҳалладаги 3 нафар ётиб қолган, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кўрпа-тўшак жилдлари  берилди. 

- Мен ўзимни ногирон санамайман, -дейди “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Норбуви Туронбоева - Оёқларимнинг ишламаслиги бир синовдир, ақлимнинг ўзимга бўйсунаётганлигига шукр қиламан. Бекорчиликни хуш кўрмайман, ҳар бир кунимдан унумли фойдаланишга, янгиликлар яратишга интиламан. Оммавий ахбарот воситалари орқали хориж ҳаётини кузатар эканман, тинч, осойишта кунлар учун шукроналар айтаман.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Абдумажид Саттаров томонидан фуқаролар қабули ташкил қилиниб, 3 нафар фуқаронинг турли масалалардаги муаммолари бўйича мурожаатлари эшитилди. Фуқаролар Донабоева Бувиробия ва Джўрабоева Саидаларга мурожаатларида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровини юбориш орқали муаммоларни ҳал қилишида ёрдам кўрсатиш бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди. Фуқаро Намозова Шарофатга “Маҳалла” фонди томонидан моддий ёрдам ажратилиши белгиланди.

Халқимиз қадимдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш азалий одатларимиздан. Миллатимизга хос бағрикенглик, меҳрибонликдан беихтиёр фахр-ифтихор туясан киши. Меҳрни барча нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шаъни янада юксалиб бормоқда. Бугун кечагиданда кўпроқ оқибатли бўлайлик. Зеро, инсондан меҳру муҳаббат, одамийлик қолади.

 

Акбар МИРЗАҚОБИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бахмал туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+