Ҳоким ва ёшлар учрашуви ташкиллаштирилди

28.12.2023 15:12:03

Юртимизда айни вақтда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини ёшлар иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Зотан, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ҳамда профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олиши, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг ёшлар билан ўтказган учрашувида шу ҳақда сўз юритилди.
“Бухоро-Варнет” хорижий корхонаси академиясида кечган учрашув аввалида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят ёшлар ишлари бошқармасининг жорий йил давомида амалга оширган фаолияти юзасидан видеоролик намойиш этилди.
Ботир Зарипов вилоят йигит-қизларининг ўтаётган йилда эришган ютуқларини эътироф этиб, яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан қутлади.
Вилоят раҳбари ўз сўзида ёшларни Бухоронинг “драйвери” сифатида эътироф этди. Ёшлар билан кўпроқ суҳбат қуриш, уларни тинглаш зарурлигига эътибор қаратди.

— Янги йил ва ёшлар ўртасида ҳам ўзига хос боғлиқлик, муштараклик тушунчалари мавжуд. Ҳар иккаласи ҳам янгиланиш, ўзгаришлар тимсолидир. Янги йил астрономик вақтнинг, даврнинг ўзгаришини бошлаб берса, ёшлардан ижтимоий дунёқараш, миллий тафаккурда янгиланиш бошланади. XIX аср охири XX аср бошларида миллий уйғониш ҳаракатини олиб борган боболаримиз ҳам ўзларини Жадид, яъни Янги деб номлаганлар. Миллат ҳаётига янги усулдаги таълим, маърифатни киритиш орқали тараққиётга эришиш йўлини белгилаб олганлар. Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даврида жадид боболаримизнинг эзгу орзу-армонлари ўз рўёбини топиб бормоқда, – деди Ботир Зарипов.

Учрашувда вилоят ҳокими ёшларнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади. Уларга ечим топиш чоралари бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Самимий мулоқот руҳида кечган суҳбат ёшларга катта мотивация берди. Мактаб ва олий таълим муассасалари битирувчилари ўз олдига қўйган мақсадларига эришишида бу каби учрашувлар катта аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шунингдек, фан, таълим, маданият, спорт, санъат соҳаларида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшлар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Жонибек Жумаев
Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилоят
бошқармаси бошлиғи ўринбосари,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят
Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+