Ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари Мурожаатнома мазмун-моҳияти билан яқиндан танишдилар

06.01.2023 13:01:33

Хабарингиз бор, айни кунларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши фаоллари ҳам Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун ва моҳияти тўғрисида бошланғич партия ташкилотлари, идора, ташкилотлар, ўқув муассасаларда тарғибот ишларини олиб боришмоқда.

Бугун ана шундай тадбирлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева иштирокида Пастдарғом туманидаги қатор ташкилотларда, маҳаллаларда ташкил этилди. Тадбирлар давомида депутат Мурожаатномада илгари сурилган халқчил ва ҳаётий бўлган устувор ғоялар, ташаббуслар тўғрисида батафсил маълумотлар берди.

Хусусан, Пастдарғом туманидаги маданият уйига Мурожаатнома мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлиш, ўзларини қизиқтирган саволларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатидан жавоблар олиш мақсадида тумандаги 107 та маҳалланинг ҳоким ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлдилар. Депутат Музаффара Абдиева кенг қамровли Мурожаатномада ўтган йил давомида қилинган ишлар сарҳисоби билан бир қаторда халқимиз фаровонлиги ҳамда манфаати учун зарур бўлган аниқ мақсадли вазифалар, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган энг долзарб ва ўткир саволларга чуқур ва ҳаётий мисоллар орқали жавоблар берди.

Тадбирда сўз олган туман Кенгаши котибияти мудири Ф.Бозорова, депутат ёрдамчиси Ф.Тураев, партия туман Кенгаши раиси Х.Хайитова ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари томонидан Мурожаатномада ўрин олган барча мақсадлар ва устувор вазифаларни ўзаро узвий боғлаб турадиган асосий жиҳат – бу Ватанимиз истиқболига фидойилик, шу замин, шу халқнинг фаровонлиги ва бахту иқболи, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр туриш, шу улуғ мақсадларга эришишни олий саодат, ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсон буюк давлат арбобининг бедор қалби, шижоати, кенг тафаккури, мустаҳкам ирода ва эътиқоди эканлигини эътироф этиб ўтдилар.

Тадбир сўнгида жамиятимизнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт каби ижтимоий соҳаларни барқарор ривожлантириш, юртимиздаги ҳар бир ҳудуд ва минтақа тараққиётини янги босқичга кўтаришга доир янги режа ва устувор вазифаларни ўзида акс эттирган, юртдошларимизни фаолликка ундаш, янги-янги марралар сари руҳлантиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлган ушбу тарихий мурожаат моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Феруз Тураев,

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+