Хоразмда бемор болажонларга беғараз донорлик ёрдами кўрсатилди

03.06.2021 17:06:30

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан  “Бор меҳримиз сенга, болажон” беғараз донорлик акциясининг  мунтазам  ўтказилаётгани  бемор болажонларнинг дардига оз бўлсада малҳам бўлишдек  хайрли ишга қўл урилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Хусусан,   1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан мазкур акция доирасида Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида  партия вилоят Кенгаши томонидан  бугун эрталаб соат  8:00 дан бошланган   беғараз донорлик акцияси  юқори кайфиятда бўлиб ўтмоқда.

Раҳматбой Хасанов,  акция  иштирокчиси:

- Бир неча кун олдин бугунги акция тўғрисидаги эълонни ижтимоий тармоқлар орқали хабар топдим ва бемор болажонларга беғараз донорлик қилишни мақсад қилдим. Акцияга Шовот туманидан келиб иштирок этмоқдаман. Текширувлардан муваффақиятли ўтдим ва қон топширдим. Партия фаоллари билан биргаликда қон топширганлик  тўғрисидаги маълумотимни  ўз қўлим билан бемор болаларга бердим.  Менинг ҳам қоним бемор болажонлар дардига шифо бўлишини жуда-жуда хоҳлайман.

Зулхумор Аллақулова, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонаси “Гематология” бўлими мудираси:

- “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан ҳар йили бўлимимизда даволанаётган болаларга беғараз донорлик маълумотларини олиб келишади. Бўлимимизда ўткир лейкоз, гемофилия, гемолитит камқонлик, апластик камқонлик билан касалланган бемор болалар даволанади. Уларга қон қуйиш зарурияти мавжудлиги боис, қонга мухтож вазиятлар бўлади. Бизни доим қўллаб турган партия фаолларидан, донор  юртдошларимиздан  миннатдормиз.

Бир сўз билан айтганда, акция доирасида кўнгиллилар томонидан берилган қонлар  бемор болажонларни  ҳаётга қайтариб,  Ватанимиз корига ярайдиган баркамол ўғил-қизлар бўлиб камол топишида  хизмат қилиши шубхасиздир.

Воҳамизда акция давом этмоқда.

 

                                                                                                     Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                              Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                         Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+