Хоразмда бемор болажонларга беғараз донорлик ёрдами кўрсатилди

02.12.2023 09:12:49

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан юртдошларимиз эътиборидан муносиб жой олиб, ҳар йили анъанага айланиб бораётган "Бор меҳримиз сенга, болажон!" беғараз донорлик акцияси бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтариб, баркамол инсонлар бўлиб камол топишида ва уларни жамиятда муносиб ўринларни эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Хоразм вилоят Қон қуйиш марказида эрталабдан кўплаб кўнгилли юртдошларимиз, вилоятда фаолият юритиб келаётган нуфузли ташкилот ва даво масканларидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали, Кўп тармоқли вилоят Тиббиёт маркази, Кўп тармоқли вилоят Болалар тиббиёт маркази, вилоят Фавқулодда вазият бошқармаси, 53008- Ҳарбий қисм, Хоразм телерадиокомпанияси, Ўзбекистон-24 канали вакиллари, Ўзбекистон агентлиги вилоят бўлими, ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлардан кўнгиллилар, партия фаоллари, депутатлари акцияда фаол иштирок этишди.

Оғабек Жуманиёзов, 53008 – ҳарбий қисм тиббиёт пункти бошлиғи, акция иштирокчиси:Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этиб келинаётган донорлик акциясида иштирок этамиз. Акцияда 50 нафарга яқин жамоамиз аъзолари билан вилоят Қон қуйиш марказига келиб, қон топшириш талабларига риоя қилган ҳолда қон топширишни давом этмоқдамиз. Топширган қонларимиз бемор болажонларни соғлом ҳаётга қайтаришда ас қотишини жуда-жуда истаймиз.

Кўпал Тангриберганов, вилоят кўп тармоқли тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, акция иштирокчиси:“Адолат” СДП томонидан инсон қадр-қиммати, шаъни ва саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишларини кузатиб бораман. Партияга бўлган ҳурматим чексиз. Акция тўғрисида эшитиб, бир гуруҳ ҳамкасбларим билан акция иштирокчиси бўлдик. Партиянинг келгуси фаолиятига омад тилаймиз ва халқимиз саломатлиги йўлида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб фаолиятимизни олиб борамиз.Топширилган қонлар тўғрисидаги маълумотлар Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази “Гематология” бўлимида даволанаётган бемор болаларга етказилди.

Нилуфар Собирова, бемор болажонни онаси:Фарзанд касал бўлса, ота-она учун ундан оғири бўлмаса керак. Иккала фарзандим ҳам туғилганидан наслий гемолитик талассемия касаллиги билан оғриниб келади. Катта миқдордаги маблағ эвазига фарзандларимни 13 йил бўлди даволатиб келамиз. Моддий қийинчиликлар ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бугун фарзандларимга партия фаоллари томонидан беғараз донорлик қилишди. Мушкулимиз бир оз бўлсада енгиллашди. Инсонлари қадр топган юртимдан миннатдорман.Бир сўз билан айтганда, партиямиз томонидан амалга оширилаётган бу каби саховат амаллари фарзандларимизни соғлом, бақувват ва баркамол бўлиб вояга етишларида ҳамда мамлакатимизда инсонлар қадрини улуғлашга хизмат қилиши муқаррардир.


Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+