Хоразмда онкологик касалликлар олдини олиш

01.03.2024 16:03:56

Кейинги йилларда онкология соҳасига қаратилган имкониятлар, яратилган шарт-шароитлар аҳолини тиббий саломатлигини яхшилаш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Қулай имкониятларни ҳаётга тўғри ва самарали татбиқ этиш натижасида аҳоли орасида онкологик касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичи бирмунча ошгани кузатилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилган ва соҳа вакилларига билдирилган ишонч соҳа етакчиларининг зиммасига янада чуқур масъулиятни юклади. Соҳа етакчилари ҳамжиҳатликда аҳолига онкологик хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида замон талабларига мос кўплаб чора-тадбирларни изчиллик билан амалга оширишга эришмоқдалар.


Хусусан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзағолиб Тиллашайхов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассисларнинг Хоразм вилоятига галдаги ташрифи ҳам ана шу мақсадларни ўз ичига олди. Шу кунларда Мирзағолиб Тиллашайхов етакчилигида ҳар бир тумандаги онкологик ёрдам ҳолати, муаммолари ва онконазорат хоналарининг иш фаолияти ўрганилмоқда.


Шифокорнинг Хива туманига қадам ранжида қилиши 43-сон оилавий поликлиника фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланди. У Оилавий поликлиникадаги Умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар билан дилдан суҳбатлашди. Ҳудуддаги аҳоли орасида онкологик касалликларни олдини олиш ва эрта аниқлаш мақсадида скрининг текширувларини тўғри ташкил қилиш бўйича маслаҳатлар берди. Сут бези саратони скрининги учун аҳолини маммографик текширувларга қамраб олиш, бачадон бўйни саратони скринингида видеокольпоскоп текширувларни ўтказиш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шундан сўнг, Мирзағолиб Тиллашайхов бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассисларнинг хизмат сафари Хонқа туман Тиббиёт бирлашмаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника фаолиятини ўрганиш билан давом этди.
Бир сўз билан айтганда, тажрибали онкологларнинг ҳамкорликдаги олиб бораётган бу каби саъй-ҳаракатлари, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш баробарида аҳоли орасида онкологик касалликларни олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+