Хоразмлик Зулфияхоним издоши, ёш адолатчи чемпион рағбатлантирилди

20.03.2022 08:03:19

Бугун Урганч давлат университетида «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши ташаббуси билан «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида маънавий- маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирга партия фаоллари, депутатлари, УрДУ жисмоний маданият йўналиши талабалари ва ўқитувчилари, «Белбоғли кураш» бўйича вилоят федерацияси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланишича, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларида партия ташаббуси билан бир қатор устувор ғояларни ҳаётга татбиқ этиб келаётгани юзлаб иқтидорли ёшларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.

Фикр ва мулоҳазалар, савол-жавоблар қизғин тус олган тадбир Урганч давлат университети талабаси, белбоғли кураш бўйича Халқаро тоифадаги спорт устаси, ёш адолатчи Уллижон Давлетованинг Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлгани тўғрисидаги қутлов ва тақдирлаш маросими билан давом этди.

Барно Шомуродова, УрДУ жисмоний маданият йўналиши хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси:

– «Адолат» СДП вилоят Кенгаши билан ҳамкорлигимиз жуда яхши йўлга қўйилган. Талабаларимизнинг кўпчилиги партия аъзолари ҳисобланади. Фаоллар бугунги тадбир давомида ҳам барча иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлашди. Партияни ОАВ орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаб келаётгани тўғрисидаги ишларидан кўпдан хабардорлигим сабаб партияга меҳрим бўлакча эди. Қалбим қувончга тўлганидан ўзим ҳам партияга аъзо бўлиш истагимни билдирдим. Ташкилотчиларга раҳмат.

Уллижон Давлетова, мукофот совриндори, ёш адолатчи:

– Бугун қувончимнинг чеки йўқ. Зулфияхоним издоши бўлишдек кўп йиллик ниятларим амалга ошган бўлса, партиям томонидан ўқиш жойимга келиб, эҳтиром кўрсатилганидан хурсанд бўлдим. Ютуқларим Воҳам аҳлига ҳам тегишли. Билдирилган ишончни бор истеъдодим, куч ва қувватим билан оқлайман. Эътибордан миннатдорман.

Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар, партия фаоллари томонидан Уллижон Давлетова ҳамда унинг мураббийи Бекберган Болтаевни машаққатли меҳнатлари эътироф этилди ва келгуси ҳаёти ва фаолиятида улкан зафарлар тилашди.

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган бу каби ислоҳотлар Ватанимиз келажаги бўлган ёшларни маънан ва жисмонан шакллантиришда хизмат қилади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+