Хотин-қизлар фаоллиги нега сезилмаяпти?

27.04.2021 09:04:44

Жамиятнинг   асосий халқаси  бўлмиш оилани аёлсиз тасаввур қилиш қийин. Аёл-мўътабар. Аёлга бўлган  муносабат  эса миллат, давлат, эртанги кун  ва келажак авлодга бўлган ҳурматни намоён этишнинг асосий  мезони ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан  олиб қарайдиган бўлсак, мустақил мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга катта эътибор берилаяпти. Хусусан, Президентимиз ҳам хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилаш учун тинмай ғамхўрлик кўрсатиб келаяптилар.    

Қарши шаҳридаги “Нахшаб” меҳмонхонаси тадбиргоҳида  Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти  ташаббускор аёллари  иштирокида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий  ва сиёсий соҳалардаги  мавқеини кучайтириш” мавзуида  видеоконференция тарзида  бўлиб ўтган анжуманда ҳам шулар хусусида сўз юритилди. Конференция Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда  Олий Мажлис  Сенатининг  хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, ЕХҲТ нинг  Ўзбекистондаги лойиҳалари  координатори ташаббуси билан ташкил этилди. 

Анжуманда  Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш  масалалари бўйича Комиссия аъзолари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари, давлат идоралари, нодавлат  нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган   ташаббускор  аёллар, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари   иштирок этдилар. Ўзаро мулоқот асосида уюштирилган тадбирда  Ўзбекистон “Адолат”  СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Аёллар қаноти раиси Азима Зайнутдинова  партиянинг хотин-қизлари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли  ишлар ҳамда  жамиятда аёлларнинг мавқеини  янада ошириш юзасидан  ўз таклифларини  баён қилди.

-  Ҳозирги кунда аёлларни қийнаб келаётган муаммолар ва уларнинг ечими, имконияти  чекланган  хотин-қизларнинг мавқеини ошириш,  давлат ва жамият  бошқарувидаги иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш керак,-деди Азима Зайнуддинова.- Экологик  муаммолар  туфайли юзага келаётган жумбоқлар ва уларни бартараф этилишида жамоатчилик, хусусан, хотин-қизлар иштирокини кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, партиядошимиз аёлларнинг жамиятдаги таъсири  ва фаоллигини   кўтаришда ҳуқуқ  нормалари билан бирга одоб, аҳлоқ ва миллий қадриятларимизнинг  ролини ошириш каби муаммоли   масалалар хусусида ҳам ўз  таклифларини  ошкор қилди. 

Анжуманда  бугун  давлатимизда яшаётган ҳар бир хотин-қиз юксак даражада ҳуқуқий билимга  эга бўлсагина мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ташаббускор иштирокчиси бўлиши мумкинли алоҳида таъкидланди.

Тадбирда хотин-қизлар фаоллигини янада кучайтириш, оилаларда соғлом муҳитни таъминлаш, аёлларни иш билан банд этиш билан боғлиқ масалалар ҳақида ҳам  тегишли дастурлар тайёрлаш ва улар ижросини назоратга олиш юзасидан келишиб олинди.

                                                     Шаҳло ЛУҚМОНОВА,  

                                    Қарши туманидаги 26-умумий ўрта таълим

                                   мактаби ўқитувчиси, партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+