Хотин-қизлар мамлакатимиз диққат марказидаги энг долзарб масала

13.05.2024 18:05:22

Юртимизнинг дунёга машҳур олимларидан Имом Бухорий «Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай», деб айни ҳақиқатни айтиб ўтганлар. Ҳамма замонларда ҳам, ҳар қандай тараққиётнинг ўзаги илм бўлган. Илмга чанқоқ, маърифатпарвар халқимиз эса илм аҳлини, пиру комил, устози аввал дея улуғлаб келишган.

Ҳеч биримизга сир эмаски, таълим ва тарбия жамият ривожининг устувор йўналиши саналади. Албатта бу жараёнда миллат тарбиячиси сифатида, хотин-қизларимизнинг ўрни беқиёс. Шу нуқтаи назардан, жамият ҳаётида хотин-қизлар фаоллигини ошириш, бугун давлатимиз олдида турган энг долзарб масалалардан бири. Йилдан йилга мамлакатимизнинг ҳар бир жабҳасида хотин-қизларимизнинг иштироки ортиб бормоқда.

Юртимизда хотин-қизлар Гендер тенглигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида ижтимоий, иқтисодий соҳаларда бўлгани каби, сиёсий соҳаларда ҳам хотин-қизлар иштироки кенгаймоқда. Бироқ, кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, жамиятимизда бу борада муаммолар ҳам учраб турибди. Биргина, таълим олиш борасида мамлакатимизда қизларнинг ўқишини ёқламайдиганлар ҳам йўқ эмас.. «Қиз боланинг ўрни — фақат уйда, ошхонада» деб биладиган оилаларнинг кўплиги ачинарли. Минг афсуски жамиятимизда, қиз бола бахтини фақат турмуш қуриши билан боғлайдиганлар кам эмас. Бироқ, айрим инсонлар фикр қилганидек « қиз болани вақтида узатиб қутилиш» билан уларни бахтли қила олмаймиз. Йилдан йилга кўпайиб бораётган оилавий ажримлар фикримизга асос бўла олади. Жамиятимизда зўравонликка учраётган, тазйиқ ва босим остида яшаётган хотин-қизларимиз борасидаги статистика энг оғриқли нуқталаримиздан бири. Бу каби ҳолатлар фақатгина жамиятдаги ижтимоий иллатлар оқибати эмас. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслик бунинг асосий сабабларидан бири. Айрим хотин-қизларимизнинг муттасил қийноқларга чидаб яшашлари ҳам, ҳимоясизликдан. Ҳаттоки, айрим аёл-қизларимиз жабр ва зулмга жимгина чидаб яшашни менталитетимизга хос хусусият деб билишади. «Эл-юрт нима дейди», деган андиша билан дардларини ичига ютишади. Минг афсуски, бугунги кунга келиб бу каби қарашлар оқибати фожиа билан тугаган ҳолатлар кўпаймоқда. Янада ачинарлиси шундаки, бундай зўравонликка оилада болалар ҳам гувоҳ бўлишади, бу иллатлар эса уларнинг руҳиятида оғир асорат қолдиради.

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятда эркаклар билан тегма-тенглик асосида илм олиши, касб танлашини ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинган. Ва йилдан йилга бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Келажакда бу ҳаракатлар жамиятимизда хотин-қизлар фаоллигини таъминлаш билан бир қаторда, бахтли, саодатли оила бекаси бўлиш билан бир қаторда, ўзлари севган соҳаларида муваффақият қозонишларига ишонамиз.

Жаннатой Рўзибоева,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика талабаси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+