Хотин-қизларнинг манфаатлари қонунлар билан мустаҳкамланган

15.03.2024 17:03:28

Тараққиётнинг янги даврида юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқейи, ўрни ва фаолият самарадорлигини ошириш учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, салоҳияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш бугунги кун учун долзарб масала ҳисобланади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз салоҳият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида яқин ўтмишда ҳатто тасаввуримизга сиғдиролмаган кўлам ва даражадаги ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-37-сонли Фармони ҳамда ушбу фармон билан қабул қилинган “Давлат дастури”да ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилсин ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилиши белгиланганди.
Президентимизнинг фармонида иш билан банд бўлмаган камида 200 минг нафар, шу жумладан, 110 минг нафар ишсиз хотин-қизлар ҳамда 90 минг нафар ишсиз ёшларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифалари аниқ кўрсатилган.
Оилаларнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиши, фарзандларни соғлом ва бақувват бўлиб тарбия топишида давлат томонидан оналарга кўрсатилаётган молиявий кўмак жамиятимизга кўрсатилаётган ижтимоий ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Дастур доирасида хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратиш. Шу жумладан, ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерларини ташкил қилиниши хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмларни ифода этади.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2 минг нафар жарроҳлик операциясига муҳтож хотин-қизларни соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш ҳам белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, оила ва жамиятнинг бошида турган хотин-қизларимиз бугунги кунда давлатнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашидан куч олиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳақиқий қувват манбаи бўлиб хизмат қиладилар.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон “Адолат”СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+