Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи

27.05.2022 10:05:55

Ватанимиз тараққиётида, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизлар муҳим ўрин ва мавқега эга. Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этадиган аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида, хусусан, давлат бошқаруви ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, маърифат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида фан доктори, академик, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор, Қонунчилик палатаси депутатлари борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23 фоизидан зиёдини ҳамда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизини айнан аёллар ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳо берилмоқда.

Барчамизни руҳлантириб, янги куч-қувват бағишлайдиган бундай ижобий ўзгаришларга, авваламбор, юртимизда хотин-қизларнинг жамият

 ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга қаратилган салмоқли ишларимиз мустаҳкам пойдевор бўлаётганини таъкидлаш лозим.

Бугунги жамиятда аёл мавқеи меҳрибон она  ва уй бекаси доирасидан ташқарига чиқиб, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётининг фаол иштирокчисига айланди. Жамиятда аёлнинг ўрни  жуда муҳим ва фахрлидир.  Чунки аёл ўзининг қалб меҳри билан эркакларнинг чексиз қудратини ижобий йўналишга буриш хусусиятига эга.

Агар биз аёл мавқеини кўтарсак, унинг жамиятдаги имкониятларини кенгайтирсак, бугунги кўплаб муаммоларимиз ҳал бўлади. Ўзбекистонда аёллар ижтимоий- иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳаларда ўта муҳим масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқдалар.

Ҳар бир она ўз фарзандларини фаровон, ривожланган, ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиш учун имкониятлар яратилган жамиятда яшашини истайди.

Бугун Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган давлатлари қатори ўз миллий қиёфаси, яъни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида Халқимизнинг миллий менталитетига хос бўлган ижобий анъаналар ва қадриятларни сақлаган ҳолда майдонга чиқмоқда. Бу давр жамиятимизда аёлларни улуғлаш, давлат томонидан уларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишнинг далили сифатида тарихда ёрқин из қолдиради.

Бугун республикамизда аёлга, оилага ҳурмат давлат сиёсати даражага кўтарилиб, қонунчилик нормаларининг асосий қоидалари сифатида эътироф этиляпти. Ушбу нормаларда аёлнинг жамиятда ва оилада тутган ўрни, ҳуқуқ ва мажбуриятлари шарқона турмуш тарзи, оила ҳаётининг маънавий, ахлоқий, иқтисодий ва ҳуқуқий нормаларини инобатга олган ҳолда белгилаб берилган. Ўзбекистонда соғлом авлодни тарбиялаш, оилани мустаҳкамлаш, аёлларни эъзозлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этишдек инсоний бурчларни адо этиш борасида бир қатор амалий дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон шароитида аёллар тафаккурида толерант тафаккурни шакллантириш, мафкуравий уйғоқлик ва сезгирликни улар онгига сингдириш фуқаролик жамиятининг асосларини кучайтириш омилларидан биридир. Нима учун аёл бағрикенг, тафаккури уйғоқ мушоҳадали, сиёсий жиҳатдан онгли бўлиши лозим? Чунки аёл фарзанд тарбиясига масъул шахс бўлиб, онанинг тарбияси фарзанднинг тафаккури шаклланишига хизмат қилади. Ана шу тафаккурнинг тўғри танланиши давлат тараққиётига таъсир қилади. Шу боис, бугунги кунда аёлнинг тафаккури ва дунёқараши кенг, чуқур билимли бўлмоғи давр талабидир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда аёлларнинг интеллектуал салоҳияти анчагина юқори бўлиб, ана шу интеллектуал бойликдан жамият тараққиётида самарали фойдаланиш ҳамда аёлларни ислоҳотлар жараёнларига, яъни жамиятнинг янгиланиш жараёнларига сафарбар этиш давлатимиз томонидан кенг амалга оширилмоқда.

Аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишларига тенг имкониятлар яратилиши, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган «Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар» тўғрисида резолюцияда 11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган.

Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап лойиҳалар танловларида ҳамда, хорижий давлатларга стажировкага юборилаётган ёш олимлар орасида ҳам аёл ва қизларнинг сонини кўпайтириш бўйича чоралар кўрилиши республикамизда хотин-қизларнинг турли жабҳаларда ўз ўрнига эга бўлиши учун олиб борилаётган ҳаракатлардан биридир.

 

Мубора ОМОНОВА,

Низомий номидаги ТДПУ катта ўқитувчиси,

ф.ф.ф.д., ПҳД

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+