Хотира бор экан, миллат барҳаёт

12.05.2021 16:05:05

Вафо Искандаров ўқишни орзу қиларди, бироқ уруш орзуларини бир чеккага суриб қўйди.  У навқирон ёшида урушга отланди.

Биз урушни кўрмаганмиз, бироқ айни навқиронлик йилларини жанггоҳларда ўтказган боболаримиз билан суҳбатлашсак, кўнглимизни ваҳима босади, юрагимиз увишади. Вафо ота Искандаровнинг хотираларини тинглар эканмиз, тинчлик энг буюк неъмат эканини теран ҳис қиламиз.

-У кунларни сира унутиб бўлмайди,- дейди отахон,- ёзда сув бўйига борсак қон оқиб келаётганини кўрардик, қишда эса оппоқ қорлар қип - қизил бўлиб турарди, ўша манзаралар, жангчи дўстларим ҳамиша тушимга киради. Бехосдан уйғониб кетсам, Аллоҳга шукр туш экан, деб қўяман. Омон қайтишим кутилмаган бахт, Аллоҳнинг инояти деб биламан. Дастлаб Украинада, кейин Польшадаги жангларда қатнашдим, Рейхстагга ғалаба байроғи ўрнатилганини ўз кўзим билан кўрдим.

Отахон бошидан кечирганларини ҳикоя қилиб бераркан, “Инсон боши тошдан қаттиқ” деган гаплар нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз. Оғир кунларни енгиб ўтишларида ватанпарварлик, халқпарварлик  туйғулари уларга сабр-бардош бахш этганини ҳис қиламиз.

Урушдан омон- эсон қайтган Вафо Искандаров то пенсияга чиққунича экскаватор рулини тутди, тинч даврда она юрти равнақи йўлида қувониб, фахрланиб ишлади, кечани кеча, кундузни кундуз демади. Туни билан тинч ухлаб, эрталаб уйидан чиқиб ишга отланганини бахт деб билди.

Отахон бугунги кунда яқинлари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда, барча таниган- билганлар борки, унга ҳурмат кўрсатиб, қаҳрамон дея эъзозлашади.   

У  тинмай  юртимиз тинчлиги, фарзандлар камоли учун дуо қилади.

                                                                                                            Руҳия ИСМОИЛОВА,

                                                                                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                 Қўшкўпир туман Кенгаши раиси, журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+