Хотира мангу, қадр муқаддас

10.05.2021 18:05:12

Кейинги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни қадрлаш, бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш мазмун-моҳият жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, жорий йилда ҳам ёши улуғ инсонлар, энг аввало, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий ҳамда ижтимоий хизмат даражаси ва сифатини ошириш, муҳтожларни ёрдамчи ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони билан жорий йилда ҳам 9 май Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 12 млн сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

Куни кеча пойтахтимиздаги Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Давлатимиз раҳбари Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.

Сўнги йилларда халқимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича юртимизда катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан пойтахтимизнинг Олмазор туманида Ғалаба боғи ҳамда Шон-шараф музейи ташкил этилди. Шунингдек, илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатлари очилиб, собиқ Иттифоқ республикалари ва чет элдаги архив ташкилотлари, музей ва фондлар, олим ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик янада кучайтирилди.

Натижада, мамлакатимизнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихи янги маълумот ва далиллар, ноёб ҳужжатлар билан бойиб бормоқда. Мавзуга оид янги-янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва альбомлар, кўплаб картина ва ҳайкаллар яратилмоқда. Таълим масканлари ва маҳалла идораларида ушбу йўналишда ташкил этилган стенд ва кўргазмаларда жангчи ота-боболаримизнинг ўлмас сиймолари, улар ҳақидаги муҳим тарихий маълумотлар акс эттирилмоқда.

Бугун биз қанчалик тарихнинг шонли ўтмишини тикламайлик, иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган, мислсиз йўқотиш ва талафотларга олиб келган энг даҳшатли қирғин бўлганлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Олти йил давом этган бу қонли урушда ўша пайтда дунёдаги мавжуд 73 та давлатдан 62 таси, Ер юзи аҳолисининг 80 фоизи иштирок этгани ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлайди.

Жумладан, Европа, Осиё ва Африка қитъаларидаги 40 та давлатни бевосита қамраб олган уруш ҳаракатларига 110 миллион киши сафарбар этилгани ва бу қирғинда жами 70 миллион киши ҳалок бўлгани ҳар қандай одамни ларзага солади. Энг кўп қурбонлар собиқ Иттифоқ республикалари ҳиссасига тўғри келади. Қарийб 27 миллион кишини ташкил этган. Ўзбекистон халқи ҳам бутун тараққийпарвар инсоният қаторида урушнинг биринчи кунларидан бошлаб фашизмга қарши жангга кирди. 1941 йилда республикамиз аҳолиси 6 миллион 800 мингдан зиёд кишини ташкил этган бўлса, уруш бошланиши билан қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланди. Ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азиз инсонларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлди.

Бу дарду аламларни ҳеч қандай рақам, ҳеч қандай сўз билан ифодалаб бўлмайди. 500 мингдан зиёд қурбон – бу 500 мингдан ортиқ фожеа деганидир. Натижада, умр йўлдошидан айрилган минг-минглаб аёллар, ота-онасидан жудо бўлган миллионлаб етим болалар уруш дахшати ва қийиниликлари билан мардонавор курашиб яшашига сабаб бўлди.

Олти йил давом этган жангларда ўзбек ўғлонлари томонидан кўрсатилган жасорат ва мардликлар ҳамон дилларда достон бўлаётганлиги бироз бўлсада кўнгилларга тасалли бериб келмоқда. Жумладан, жангларда қаҳромонлик кўрсатган 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Ватандошларимизнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган юксак унвонга, 70 нафардан ортиғи учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлишган.

Инсоният тақдири ва келажаги ҳал бўлаётган ўша суронли йилларда Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базаси бўлиб ҳам хизмат қилган. Хусусан, “Ҳамма нарса – фронт учун, ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ғоя эл-юртимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Халқимиз туну кун тинимсиз меҳнат қилиб, улкан миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа, дори-дармон захираларини жанг майдонларига узлуксиз етказиб берди. Бомба ва снарядлар тинимсиз портлаб турган ҳудудлардан 170 га яқин завод ва фабрикалар Ўзбекистонга эвакуация қилинди ва қисқа муддатда қайта ишга туширилди.

Урушдан жабр кўрган 1 миллион 500 мингдан ортиқ кексалар, аёллар ва болалар республикамизга кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 мингдан зиёди ота-онасидан айрилган етим болалар эди. Эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг юксак гуманистик фазилатларини намоён этди. Ўзбекистонга олиб келинган турли миллатга мансуб минг-минглаб инсонларга бошпана берди, меҳр-шафқат, одамийлик кўрсатиб, энг сўнгги нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. “Тошкент – нон шаҳри”, “Ўзбекистон – меҳр мамлакати” эканини амалда яна бир бор исботлади.

Хулоса қилиб айтганда, Ер юзида тинчлик учун курашиш, дунё давлатлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+