Хотира муқаддас, қадри азиздир

30.04.2022 10:04:51

“Кўприкқурилиш” трести унитар корхонасида “Адолат” СДП фаоллари етакчилигида 9-май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Хотира муқаддас, қадри азиздир” мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раис ўринбосари, депутат, Социология фанлари доктори, профессор, Турон фанлар академияси академиги Ташпўлат Матибаев ҳам иштирок этиб, мавзу доирасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолганлиги, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшгани, хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлганлигини қайд этди.  Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айлангани, айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатганини алоҳида эътироф этди.

Халқимизнинг тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган бундай мардлик ва матонати, олижаноблиги, меҳр-муруввати ва юксак маънавияти барчамизнинг қалбларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаб, фарзандларимизни ватанпарварлик ва аждодлар жасоратига садоқат руҳида тарбиялашга илҳомлантириб келмоқда. Хотира — ўтганларни эслатиб ­туради, ўзликни англатади. Қадр — инсонни улуғлайди, жамиятни ­безайди. ­Хотира ва Қадрлаш куни мазмун-­моҳиятида ана шундай эзгу ­тамойиллар мужассам.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. ­Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда ­юрган, эл-у юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас ­қисмига айланди, - деган сўзларини келтириб ўтди.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши айтилди. Энг муҳими, буларнинг ­барчаси кўпни кўрган, эртанги кунга катта ишонч билан ­яшаётган, иродаси ­бақувват, иймони бутун халқимизнинг меҳнати, мардлиги ва матонатининг натижасидир.

Маърузалар тинглангач, йиғилиш иштирокчилари билан ўтказилган қизғин баҳс-мунозаралар халқимизнинг  халқаро  вазиятга  ва  жамиятимизда  содир  бўлаётган  воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслигидан  далолат  беради. Йиғилиш сўнгида нотиқларга иштирокчилар номидан миннатдорчилик изҳор этилди.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+