Хотира – уйғонса гўзал

23.04.2021 18:04:03

Тез орада бутун тараққийпарвар инсоният Иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонлайди. Бу сана Ўзбекистон халқи учун ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки ўша оғир дамларда юртимиздаги ҳао бир киши дунё устида қора булутдай хавф солган манфур душманга қарши курашга отланган юртдошларимиз бевосита жанг майдонларида жон олиб, жон бериш билан бирга фронт орқасида куну тун меҳнат қилганлар. Умумий мақсад эса жаҳон аҳлини фашизм балосидан озод этишдан иборат бўлган.

Шунинг учун ҳам ҳар йили 9 майда биз биринчи навбатда ўша уруш қурбонларини ёдга оламиз, жанг майдонларида ҳалок бўлганларнинг ва кейинчалик турли хасталиклардан вафот этганларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирамиз. Албатта, улар орасида ҳар биримизнинг аждодларимиз, қариндош-уруғларимиз бор. Давлатимиз раҳбарининг яқинда эълан қилинган “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидай, “Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди”.

Уруш йилларида Наманган вилоятининг ўзидан 79 мингдан зиёд киши фронтга сафарбар этилган. Уларнинг 29 минг нафардан ортиғи душманга қарши ҳаёт-мамот жангларида мардларча ҳалок бўлди. Бу инсонларнинг исм-шарифлари вилоят марказида жойлашган Хотира хиёбонидаги рамзий китобларга зарҳал ҳарфлар билан битилган.

Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига  қора кунларни солди. Ҳамюртларимизнинг   қанчадан-қанчаси оловли жанггоҳларда ҳалок бўлди,  юртимизга ярадор, ногирон бўлиб қайтганлар ҳам сон-саноқсиз эди. Аҳоли очарчилик, йўқчиликдан қаттиқ азоб чекди. Бироқ  халқимизнинг қадди букилмади, қийинчиликка бардош бериб, Буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшди.

Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш асносида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшганлар қаторида Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотираси ҳам ёдга олинади. Қолаверса, орамиздаги  барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Президент қарори “Адолат” СДП вилоят Кенгашида атрофлича ўрганилиб, уни бажариш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Партиядошларимиз  умумхалқ байрамига бағишланган  дастурдан ўрин олган “Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч” шиорлари остида ўтказиладиган тадбирларда фаол қатнашадилар. Шаҳар ва туман кенгашлари, БПТларда ҳам учрашув, давра суҳбатлари, маърузалар ташкил этилади. Фахрий сафдошлар ҳолидан ҳам хабар олинади.

Вақт ўтиб боргани сари Иккинчи жаҳон уруши йилларида чинакам жасорат ва инсонийлик намунасини кўрсатган, мустақиллик қўлга киритилишига ҳисса қўшган юртдошларимизнинг  қадри ортиб бораверади. Биз уларнинг матонати ва фидокорона меҳнатини ҳеч қачон унутмаймиз. Бу, барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП   Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+