Ховосда “Конституция ҳафталиги” ташкил этилди

04.12.2020 18:12:16

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоят марказидан  30 км. узоқликда жойлашган, қўшни давлатлар билан чегарадош бўлган Ховос туманида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги  муносабати билан “Конституция-бахтимиз пойдевори” мавзусидаги ҳафталик бўлиб ўтди. Тадбирлар жамланмасини “Адолат-қонун устуворлигида” шиори остидаги депутатлар қабули бошлаб берди. Бунда тумандаги тиббиёт муассасаларига ташриф буюрган депутатлар ўз йўналишлари бўйича тиббиёт ходимлари ва даволанаётган аҳолинининг мурожаатларини қабул қилишди.

Шу ўринда айтиш керакки, туманда партиянинг ўн нафар туман Кенгаши ва уч нафар вилоят Кенгаши депутатлари  фаолият олиб боради.  Қабуллар жараёнида 95 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд аҳолисини ўйлантириб келаётган 50 га яқин масалалар ўрганилиб,  депутатлар ҳамкорлигида мазкур мурожаатларнинг ечимга оид таклифлар ишлаб чиқилди.  Хусусан, туманнинг энг чекка маҳаллалари аҳолисининг мурожаатига асосан мактабгача таълим ташкилотлари ва қишлоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш ва кўчма дорихоналар ташкил этиш бўйича 30 дан ортиқ депутатлик сўровлари тегишли ташкилотларга юборилди.

Ҳафталикнинг асосий кунларида ўтказилган тиббий кўриклар ҳам марказлашган холда эмас балки уйма-уй юриб ўтказилди. Жумладан туманнинг “Карвонсарой”, “Ховособод”, “Ўзбекистон тўкинчилиги” каби туман марказидан узоқ маҳаллаларда депутат-шифокорлар  Ғойибназар Райимназаров, Абдураҳмон Ботировлар  хонадонлар кесимида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишди. Шунингдек депутатлар томонидан ногиронлиги бор ва жисмоний имконияти чекланган аҳоли вакилларига озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиб берилди.

Туман ҳокимлиги, маданият бўлими ва Ховос бирлашган  тармоқ шифохонаси билан ҳамкорликдаги байрам тадбири эса “Конституция-бахтимиз пойдевори” деб номланди.  Ховос шаҳарчасидаги  “Темирйўлчилар маданият саройи” мезбонлик қилган байрам дастури аввалида бир гуруҳ  тиббиёт ходимларига партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари ва ҳафталикда фаоллик кўрсатганлар партия вилоят Кенгашининг ташаккурномаси билан тақдирланишди. Байрамона руҳни ўзида ифодалаган тадбирда партия аъзолари томонидан Конституциядаги ҳар бир бўлимнинг  ҳаётий амалиёти билан боғлиқ жараёнлар саҳна кўринишлари ва кўргазмали тақдимотлар кўринишида намойиш этилди. Куй-қўшиқлар ва рақслар эса тадбир иштирокчиларига ҳақиқий байрам кайфиятини улашди.  Ховослик партиядошларимиз учун энг катта янгилик эса тадбирнинг якуний қисмида эълон қилинди. Яъни  Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкил топганлигининг 25 йиллиги кўкрак нишони партиянинг Ховос туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутати Ғойибназар Райимназаров ҳамда  халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Абдураҳмон Ботировларга тантанали топширилди. Концерт дастури намойиши билан Ховосда Конституция ҳафталигига якун ясалди. 

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби  

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+