Ихтисослаштирилган тиббий хизмат аҳолига яқинлашиши лозим

27.07.2021 14:07:52

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга имконият яратиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Саломатлик - энг улуғ неъмат. Хасталик тўшагида ётган одам эса ҳар ердан нажот излаб қолади. Ана шу пайтда унга ёрдам қўлини чўзиш энг катта яхшилик, энг улкан савоблардан саналади. Ушбу ҳужжат шошилинч тиббий ёрдамни қишлоқ аҳолисига яқинлаштиришга, уни ўз вақтида кўрсатиш орқали фуқаролар ҳаётини сақлаб қолинишига янада кенгроқ имконият яратади.

Мамлакатимиз раҳбарининг мазкур қарори ана шундай эзгу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Қайд этиш зарурки, ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудлардаги филиаллари томонидан аҳолига юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қарорга мувофиқ, 2021-2022 йиллар давомида белгиланган туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари маркази босқичма босқич ташкил этилади. Марказларнинг асосий вазифалари сирасига олтин соат тамойили асосида қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш, бириктирилган шаҳар ва туманлар аҳолисига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  тасдиқланган тартибда тиббий хизмат кўрсатиш сингари вазифалар киритилган.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ҳаракатларга қарамай, юртимизда 7 фоиз болаларда анемия, 6 фоиз болаларда темир моддаси етишмаслиги аниқланган. Мазкур қарорда ана шу жараёнларни тўғри йўлга солиш ва дунё стандартларига мос келишини мақсад қилган ҳолда болаларимизни темир моддасига бой препаратлар билан таъминлаш, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни, 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларни йод препаратлари билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилган. Ҳомиладор ва эмизикли бўлган эътибор ҳам бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир. Албатта болаларимизнинг соғлом бўлиши, уларни ҳомила давридан соғлигига эътибор қаратилаётганлиги катта аҳамият касб этади.

Мазкур қарор билан яна бир муҳим ҳужжат тасдиқландики, бу аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ ёрдамини янада такомиллаштириш чора тадбирлари режасидир. Мазкур режага кўра, ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларининг умумий ўринлари фонди ҳисобидан нефрология ва гемодиализ бўлимларини 50 ўрингача етказиш, диализ аппаратлари ва сарфлаш воситаларини харид қилиш, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб олий тиббиёт таълим муассасаларида нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий амалий тиббиёт маркази биноларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда, айниқса гемодиализ ёрдамида бўлган эҳтиёжни инобатга олганда ушбу ғамхўрлик минглаб беморлар жонига оро кириши аниқ. Сабаби, беморлар марказга ёки пойтахтга овора бўлиб бориб юрмасдан ўз тумани ёки яқин ҳудудида жойлашган гемодиализ хизматидан фойдалана олади.

Албатта, бу анча мунча маблағ, сармоя талаб қилади. Аммо, инсон соғлиги ҳар недан-да устун туради. Зотан, ҳар бир давлатнинг куч-қудрати ҳам ўз фуқаролари саломатлигига бефарқ эмаслигида намоён бўлади.

Мухтасар айтганда, мазкур йўналишлар асосида тиббиёт соҳасини ривожлантириш аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат кўрсатиш тизимини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё

вилоят Аёллар қаноти Кенгаши раиси

 

 

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+