Илм-фан ривожи  - учинчи уйғониш даврига пойдевор

06.11.2020 19:11:05

Шу йил 30 сентябрда мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев Ўқитувчилар ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон ўз тарихидаги учинчи Уйғониш даврига қадам қўяётганлигини таъкидлади. Жамият ҳаётидаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар бунинг учун тегишли шарт-шароитларни яратаётгани қайд этилди. Ҳозирги пайтда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазкур жараённинг бир бўғини бўлса, илм-фанни ривожлантириш концепцияси бу йўлдаги яна бир қадамдир. Шу орқали  Ўзбекистонни дунёдаги етакчи давлатлар қаторига олиб чиқиш, миллатимизнинг бой маънавий ва интеллектуал салоҳиятини янада ошириш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан танишар эканман, беихтиёр хаёлимдан  юқоридаги фикрлар ўтди. Чиндан ҳам бу соҳани замон талаблари даражасига етказмай туриб, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал тараққий эттириш, илмий-инновацион салоҳиятни юксалтириш, мустаҳкам билимга эга ва мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий инфратузилмани модернизация қилиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш амри маҳолдир.

Мазкур ҳужжатда келгуси ўн йил мобайнида мамлакатда илм-фанни янада ривожлантириш борасидаги энг муҳим вазифалар белгилаб берилган. Мисол учун, соҳани бошқаришни такомиллаштириш юзасидан қўйилган масалаларни олайлик. Энг аввало, илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, тармоқда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш ҳам белгиланган. Бу орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда шу аснода лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган.

Маълумки, ҳар бир масаланинг энг мақбул ечимини топиш молиявий таъминот даражасига боғлиқ. Шунинг учун соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишга плоҳида эътибор қаратилган. 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш мўлжалланган. Илмий тадқиқотларга ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий секторни жалб этиш ҳам яхши самара келтиради, деб ўйлаймиз. Етакчи хорижий инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда венчур жамғармаларини ташкил этиш эса инновацион ишланмалар  ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини яратади.

Фармонда соҳада кадрлар билан ишлашни янада такомиллаштириш масалалари ҳам ўз аксини топган. Биринчи навбатда ёш олим ва мутахассислар сафини кенгайтириш белгиланган. Масалан, илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёши 2025 йилга қадар 45 ни, 2030 йилгача эса 39 ни ташкил этишига эришиш вазифаси қўйилган. Бунда юқори малакали илмий ходимлар сонини ҳам кескин ошириш режалаштирилган.

Қисқаси, Фармоннинг ҳар бир сатри мамлакатимизнинг келажакдаги тараққиёти юксак даражада бўлишини таъминлашга қаратилган. Белгиланган тадбирлар муваффақиятли амалга оширилса, кўзланган мақсадларга эришилса, юртимиз довруғини бутун бунёга таратадиган кўпдан-кўп олиму фузалолар етишиб чиқиши турган гап. Демак, янги Фарғоний ва Хоразмий, Улуғбек ва Навоий, Али Қушчи ва Беҳзодлар миллат шаънин улуғлайдилар ва ёш авлодни юксак марраларга чорлаб  турадиган маёқларга айланадилар.

 

                                                                  Исроил ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон”Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+