Илм-фан тараққиётиниг миллий пойдевори

02.11.2020 15:11:33

Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш ва истиқболда уни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, замонавий инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ қилишни ривожлантириш мақсадида  Президентнинг  2020 йил  29 - октябрдаги “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси мамлакатда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида илмий тадқиқотлар сифатини яхшилаш, рақобатбардош технологиялар яратиш ва илмий кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро миқёсда илмий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 11 октябрда қабул қилинган «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни ижроси юзасидан ишлаб чиқилган эди.

Фармон билан тасдиқланадиган концепцияга мувофиқ, илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Мақсадга эришиш учун эса илм-фан соҳасида бошқарув тизимини ҳамда илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, илм-фан ва илмий фаолиятни молиялаштириш тизимини қайта кўриб чиқиш ва диверсификациялаш, шунингдек, юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтириш ва ютуқларини рағбатлантириш, илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини ва ахборот муҳитини яратиш каби устувор вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари келтириб ўтилган.Концепция ижроси ва унда белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида, тўлақонли амалга оширилиши натижасида Ўзбекистонни 2030 йилга қадар глобал инновацион индекс рейтингига кўра дунёнинг 50 та етакчи давлати таркибига киритиш, ёш олимларни кўпайтириш, уларнинг илмий янгилиги ва инновацион ғояларини амалга кенг татбиқ этиш назарда тутилган. Ҳар уч йилда 1 марта маҳаллий илмий салоҳиятнинг давлат илмий-техник экспертизасининг ва фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларининг     халқаро     аудит    ташкилотлари томонидан мустақил фан аудити ўтказилади. Шу билан бирга, ваколатли  давлат    органи томонидан     йиллик      мониторинг     тизими    йўлга    қўйилиб, мустақил   фан    аудити   натижалари билан уйғунлаштирилган илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тизими шакллантирилиши  илгари сурилган.

Фармонда   назарда тутилганидек,   илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич оширилиши, илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг ишланмаларни тижоратлаштиришга ажратиладиган имтиёзли заём маблағлари жалб қилиниши,  илм-фан ва илмий фаолиятга хорижий давлатлар донор ташкилотларининг грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиши  илгари сурилган бўлиб  бу ислоҳотлар, таълим йўналишини  тубдан ислоҳ қилиш  ва замон талаблари даражасига чиқаришда  дастури амал  бўлиши  мумкин. 

Шунингдек, фармонда  илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши  ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланиши, бунда янги механизмлардан бири сифатида давлат буюртмаси асосида тасдиқланган лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг камида 40 фоизини моддий-техник базага йўналтириш асосида ҳар бир илмий лойиҳа доирасида янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этишга  қаратилади, натижада  табиий  фанларни ўқитиш  янги босқичга  кўтарилади.

Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ва унинг янги технологик ривожланишга ўтиш жараёни дунё товар ва молия бозорларида, рақамли технологиялар соҳасида ва аҳолининг мунтазам ўсиб бораётган муаммоларини ҳал қилиш усулларида тобора рақобатни кучайишига олиб келмоқда. Вужудга келаётган муаммоларнинг бош ечими – илм-фан ва инновациялар соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олиш, тўртинчи саноат инқилобида рақобатбардошликка эришиш, тўпланган институционал муаммоларнинг янги ечимлари, шунингдек, глобаллашув туфайли юзага келаётган баҳсли масалаларни ҳал қилиш чораларини кўришга тайёр бўлишдир.

Дарҳақиқат, Концепция Ўзбекистон Республикасида илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги ривожланиш босқичларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

 

Р. Раупов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши  раиси                                                  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+