Илмга чанқоқ, интилувчан, изланувчан ёшлар мамлакатимизнинг эртанги истиқболи, ёрқин келажагини таъминловчи кучдир.

25.05.2024 17:05:00

Бугунги кунда ёшларимизнинг сифатли таълим олиши, ўз иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Имкониятлардан самарали фойдаланиб, ўз билим, тафаккурини ривожлантириш орқали дунё илм-фани, маданиятига салмоқли ҳисса қўшган буюк алломаларимизга муносиб издош бўлаётган йигит-қизларимизнинг муваффақиятлари барчамизни Ватанимиз равнақи йўлида янада фаол бўлишга ундайди.

Куни кеча умидли ёшларимиздан бири — Ботир Қобиловнинг дунёнинг нуфузли университетларидан бири — Ҳарвард университетида докторлик унвонини олган илк ўзбек олими сифатида эътироф этилиши барча юртдошларимиз қатори биз, «Адолат»чиларнинг ҳам қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.

Боиси, юртимиз тараққиёти ва халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш йўлида мамлакатимиз илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини оширишга кенг эътибор қаратиб келаётган ва бу борада олимларимизни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилаётган сиёсий куч сифатида ақлу заковати юксак, иқтидорли ёшларимизнинг эришаётган ютуқлари партиямизнинг дастурий мақсадларини юзага чиқаришда мустаҳкам замин яратмоқда. Зеро, биз интилаётган адолатли жамият олимларга таянади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ёшларимизга ибрат бўлган Ботиржонни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши жамоаси ва кўп минг сонли партиядошларимиз номидан докторлик илмий даражаси билан самимий муборакбод этаман ва илм йўлидаги келгуси ишларида зафарлар ёр бўлишини тилайман!

Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+