Имтиёзлар ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади

16.04.2021 11:04:47

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоизидан ортиғи ёшлар, яъни, 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу, бир томондан, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юкласа, иккинчи томонидан ёшларга оид мақбул сиёсат юритиш натижасида улкан имкониятлар ҳам беради. Ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади.

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аҳамиятли томони ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланди.

Жумладан, ёшларни иш билан таъминлаган корхона ва компанияларга ишга қабул қилган ходимлари учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилиши, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёзларнинг берилиши назарда тутилмоқда. Биринчи  навбатда бу имтиёзлар ёшларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бу эса давлат томонидан ёшларнинг мамлакат манфаатлари йўлида ўзини самарали намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият ҳисобланади. Моҳиятан олиб қарайдиган бўлсак, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожлантиришда ёшларнинг ҳам таъсирини кучайтиришдан иборат.

Умуман олганда иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган ёш фуқароларни ишга жойлаштиришга ёрдам бериш, қўшимча иш ўринлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни барпо этиш, ўқитиш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшларни ишга жойлаштириш учун корхоналар ва ташкилотларга  енгилликлар ҳам яратилмоқда.

 

 

Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП   

Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+