Инсон манфаатлари олий қадрият

27.11.2023 11:11:31

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, азал-азалдан инсон зоти доимо фаровонликка ва эркин ҳаёт кечиришга интилиб келган. Умуман олганда, одамлар бахтли бўлиши учун, улар албатта озод ва обод Ватанда яшаши, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши зарур. Бундай Ватанни барпо этиш ва бундай жамиятда яшаш учун, авваламбор, жамият, давлат ва инсон тўғрисида илмий-назарий билимлар яратилиши ва шу билимлар амалга оширилиши талаб қилинади.

Бу билимларни асосан ижтимоий-сиёсий маъно-мазмунга эга бўлган, жамиятни бошқариш, унда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, демократик тамойилларни ҳаётга жорий этиш, мулкий муносабатларни бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатиш, одамларнинг сиёсий ва ҳуқуқий эркинликларини таъминлаш, маданият ва маънавиятни юксалтириш, комил инсонларни тарбиялаш ва бошқа муаммолар тўғрисидаги ғоялар ташкил қилади.

Ўзбекистонда кечаётган бугунги ислоҳотлар мамлакат янги тарихини бошлаб берди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зотан, юртимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз бераётган улкан янгиланишлар давлатимизнинг дунё ҳамжамияти билан том маънода интеграциялашувини таъминламоқда. Қисқача айтганда, бугун юртимиз дунёни ўзига чорлаяпти. Аёнки, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва мавқе тобора юксалмоқда.

Бугун юртимизда инсон омили олий қадрият даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар эртага эмас, бугун бахтли яшашни истайдилар”, деган тамойилни илгари суриши ва буни бугунги сиёсатимизнинг устувор йўналишига айлантиришида ҳам айнан шу мазмун-моҳият мужассамдир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам “Ижтимоий тенглик – тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир” деган тамойилга таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги, ҳар бир фуқаро қобилияти ҳамда малакасидан келиб чиқиб меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатига яраша муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуриш тарафдори.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари “энг олий мақсадимиз одамларни, халқни рози қилиш” дея такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда. Халқона ва самимий айтилган бу сўз аслида мамлакат ижтимоий сиёсатини белгилаб беради. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўтган давр мобайнида юртимизда қандай ислоҳотлар амалга оширилди. Ислоҳатлар натижаси ўлароқ давлат халққа яқинлашди, у энди халқ учун ишлай бошлади. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти бугун наинки халқимиз, балки халқаро ҳамжамият эътирофига ҳам сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий секторнинг шу каби бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, халқимиз дилидаги орзу-истаклар рўёбига хизмат қилаётир. Зотан, халқимиз ўз келажаги пойдеворининг янада мустаҳкам бўлишини таъминлади. Ҳар бир соҳа ислоҳ этилмоқдаки, бу ривожланган дунё давлатлари билан бўйлашиш, дунё саҳнасида муносиб ўринга эга бўлишимизга замин яратади.

Хулоса ўрнида айтганда, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш каби соҳаларни ривожлантириш баробарида, кам таъминланган аҳоли қатламларини манзилли ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар бугун беқиёс самара бермоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимиз аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасидаги қатор кўрсаткичлар бўйича дунёдаги етакчи давлатлар қаторидан жой олаётгани ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг нечоғли оқилона ва пухта эканлигини яққол тасдиқлайди.

Муҳиба Бабабекова,
                                      Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.

                     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+