Инсон шаъни, қадр-қиммати, шунчалик улуғ-ки

22.06.2022 11:06:22

Дарҳақиқат,  бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи юқори даражага кўтарилиши, амалга оширилаётган барча ислоҳотларимиз марказида инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам бўлиши кераклиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қайд этилди.

Мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган кўп миллатли халқимиз шу кеча-кундузда ҳақиқатдан ҳам   ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган. Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир.

Шу боис барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз керак.

Дарвоқе,  инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади.Шунинг учун ҳам, бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.   Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим.

Бош қомусимизнинг 24-моддасида Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир, деб белгилаб қўйилган бўлиб демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир. Маълумки,  ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазо тўлиқ бекор қилинди. Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.

“Яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган”-деди Президентимиз куни кеча Конституцияни янада такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида. Бу жуда тўғри айтилган фикр.

халқимиз бир неча йиллардан буён уй-жойларнинг бузилиши ва уйсиз қолиб кетаётганликлари борасида азият чекиб келмоқдалар.Йиғилишда давлатимиз  раҳбари бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб, одамларни норозичилигига сабаб бўлаётган салбий ҳаракатларга чек қўйиш вақти келганлигини эътироф этди.

 -Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур,- деди муҳтарам Президентимиз.-халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор. Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт. Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор.

Давлатимиз раҳбари юқоридаги каби халқпарвар фикрларини давом эттириб, қуйидагиларни қўшимча қилди. -Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз. Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак. Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!-деди Президентимиз.

Ҳа, бахтимиз Қомусини ҳар томонлама такомиллаштириш давр талаби. Биз Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган барча ҳаётий ғоя ва таклифларни қўллаб-қувватлаймиз. Конституциямиз халқимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши тарафдоримиз. Қолаверса, Партиямизнинг Сайловолди дастурида ҳам  қонун устуворлиги, инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш бош мақсад этиб белгиланган.

                                                   Руиддин Раупов,

                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

                                         Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши

                                          депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+