“Инсон – жамият – давлат”, деган тамойил конституциявий қоида сифатида мухирланмоқда

05.12.2022 12:12:14

Бундан роппа-роса бир йил олдин 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси халқимиз ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган эди.

Айни кунларда Ўзбекистоннинг яқин беш йиликдаги ҳамда узоқ муддатли ривожланишини белгилаб берувчи Тараққиёт стратегияси мақсадларини амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган Бош Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи халқимиз томонидан қизғин муҳокамадан ўтказилмоқда.

Боиси, Тараққиёт стратегиясида белгиланган халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирган эди. Хатто, бундай заруратга эҳтиёж борлиги Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайлови жараёнида ҳудудларда юртдошларимиз билан ўтказган учрашувлари давомида ҳам айнан бир гуруҳ фаол фуқароларимиз томонидан илгари сурилган эди.

Шундан келиб чиқиб, Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарали ва пухта амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича жорий йилнинг май ойида Конституциявий комиссия таркиби тасдиқланган эди. Ушбу комиссия мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаронинг ўз фикр-мулоҳаларини, таклифларини билдириши учун барча қулайликларни яратиб беришга қаратилган бир қатор ишларни амалга оширди.

Хусусан, фуқароларимизга ўз яшаш ҳудудларда турган ҳолда ҳеч бир тўсиқларсиз ўз таклифларини билдиришлари учун Meningkonstitutsiyam.uz портали, махсус Telegram-бот ва колл-марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, юртдошларимизга ўзлари яшаш манзили бўйича маҳалла идорасига ёки, Халқ депутатлари Кенгашларига бориб таклфларини қолдиришлари учун имкониятлар яратиб берилди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилган ҳолда давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилиб, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.

Умумхалқ муҳокамаси давомида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳаза келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми ўрганилди ва Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда. Жумладан, фуқаролар томонидан билдирилган таклифлардан келиб чиққан ҳолда Конституциянинг 76 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, асосий қонунга 15 та янги модда ва битта янги боб киритилмоқда.

Энг муҳими, ушбу ўзгартиришлар орқали, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аммо, Конституциямизга ўзгартириш киритиш ташаббуси илгари сурилган илк кунларданоқ Давлатимиз раҳбари томонидан Конституциявий комиссия аъзоларига Бош қомусимизнинг ҳар бир моддасини халқчил тарзда халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда такомиллаштириш борасида бир қатор устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берган эди.

Шундан келиб чиқиб, ўтган ҳафтада бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар Конституциявий комиссия ва масъул қўмиталар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этган ҳолда, халқимиз асослантирилган, ўйлаб таҳлил қилишга мажбур қиладиган кўплаб таклифларни бераётгани ва бундай таклифларни эътиборсиз қолдириш ёки уларга юзаки ёндашиш мумкин эмаслигини билдириб, Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир ишларни давом эттириш таклифини илгари сурди.

Якунда эса, Конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ишларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг асосий устувор йўналишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ва маъмурий ислоҳотларнинг, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш, шунингдек уларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмларини оптималлаштиришга қаратилган вазифалари билан узвий боғлиқлигини таъминлашни мақсадсадида янада такомиллаштириш зарур деган қарорга келишди.

Албатта, бу жараён халқ вакиллари бўлган депуталар билан бир қаторда барча юртдошларимизга катта масъулият юклайди. Боиси бугун биз янгиланаётган Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддасини ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиши учун қанча кўп фаол бўлсак, якунда чинакам халқ ҳужжатининг қабул қилинишига эришган бўламиз.

 

Махфират Хушвақтова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+