Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили

29.12.2022 07:12:46

Шу юрт тақдири, тинчлиги ва фаровонлиги учун ўзини масъулман, деб ўйлайдиган ҳар бир фуқаро куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномани чин юракдан ҳис этиб, келгуси йилда мамлакатимизда қандай ислоҳотлар олиб борилишини тафаккур этиши лозим. Шу ватанни севган, шу юртни қадрлаган, ота-боболаримиз босиб ўтган йўлларни кўз олдидан ўтказа оладиган инсон бу Мурожаатномани такроран ўқиб юриши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномаси – мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди, десак янглишмаймиз. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди.

«Қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз. Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз», - деди Президентимиз ўз Мурожаатномасида. Мурожаатномада кўрсатилган давлатимиз ва ва халқимиз ҳаётига оид масалаларни эшитиб, очиғи, шу юртнинг келажаги учун давлатимиз раҳбари томонидан улкан мақсадлар билан оғишмай, дадил ислоҳотларни давом эттиришга бел боғланганини ҳис этдим.

Мамлакатимиз келажаги учун қилинаётган бу ишлар аввало дунё ҳамжамиятидаги ўрнимизга чамбарчас боғлиқдир. «Бундан кейин ҳам асосий эътиборимиз Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратилади», - дедилар бу борада давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, Мурожаатномада келтириб ўтилган газ захираларини кўпайтириш мақсадида, геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қилиниши, келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши, 2023 йил Ўзбекистон иқтисодиётида энергияни иқтисод қилиш йили бўлиши, Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун, энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция зарурлиги, Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилиши, улар учун, солиқ ставкалари ҳар хил бўлиши, келгуси йилдан, туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилиши, охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилаётгани ва бу борада зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳақидаги фикрларни ҳар биримиз юракдан ўтказишимиз зарур бўлади.

Президентимиз, шунингдек, Конституцияга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш лозимлигини таъкидлади. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилиши маълум қилинди. Маҳалла бюджети масаласини ҳам ҳал этилиши, келгуси йилдан мол-мулк солиғининг бир қисми маҳаллада қолиши, аввало, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми қонун билан белгиланиши, ажратилаётган маблағлар ҳар бир беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилиши айтиб ўтилди.

Ёш авлод тарбияси ҳам давлатимиз эътиборидалиги қувончлидир. Боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади. Келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилиши таълим-тарбияда катта ўзгариш эканини алоҳида таъкидлашимиз жоиз. 2023 йилда юртимизда 70 та янги мактаб қурилиб, 460 та мактаб кенгайтирилаётгани, икки сменалик таълимни йўқ бўлиши, Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилиши ҳам бутун халқимиз ҳаётига оид катта масалалардан биридир. «Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак. Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади. Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур» дедилар Президентимиз. Самарқанд ва Наманган шаҳарлари алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказилаётгани ҳам ҳар биримизнинг қалбимизда улкан фахр ва ғурур уйғотиши бор гап. «Сўнгги йилларда кўп ваколатларни Олий Мажлисга ўтказдик, уларни янада кенгайтиришни ўйлаяпмиз Фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади», - деди Президент. Энг муҳими – ҳар бир ватандошимиз конституциявий ислоҳотларга дахлдор бўлиши ва «Бу – менинг Конституциям», деб юксак ғурур ва ифтихор билан айта олиши керак» дедилар Президентимиз.

Вазирларнинг сиёсий масъулияти оширилиб, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар бевосита вазирлар иштирокида коллегиал ҳал этилиши ҳам мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлишига аминмиз.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди «қўл бошқаруви»дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш ҳақидаги пурмаъно фикрлар мамлакатимизда инсон учун, халқ учун қанчалар масъулият ва кучли эътибор билан муносабатда бўлинаётганини билдиради.

Шунингдек, Президентимиз 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили деб эълон қилди. Албатта, инсон қадри юксалиб бораётган юртимизга ана шундай номланган йиллар, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган юксак эътибор ярашади. Ўйлаймизки, келаси йилда қилинадиган ушбу ишлар ҳар биримизнинг ҳаётимизга чинакам ёруғликлар бахш этади.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти

Паяриқ туман Кенгаши депутати: Азамат ТАВБОЕВ.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+