Интеллектуал салоҳиятли ёшлар - юрт таянчи

28.07.2021 16:07:30

Юртимизда ёшларнинг орзу-ниятлари, эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш учун барча имконият мавжуд. Билим олишга иштиёқманд йигит-қизларга замонавий таълим масканлари мунтазир, касби бўйича меҳнат қилишлари учун энг илғор технологиялар билан жиҳозланган корхонаю ташкилотларнинг эшиги очиқ. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, келажагимиз эгаларининг тараққиётимиз йўлида ғайрат-шижоат кўрсатишлари, ўз иқтидору истеъдодларини намоён этишларига хизмат қилмоқда.

Эндиликда соғлом, маънан баркамол, интеллектуал салоҳиятли ёшларимиз дунёнинг тараққий топган мамлакатларидаги тенгдошлари билан барча соҳада бемалол баҳслаша оладилар.

Эътиборлиси шундаки, оиласи фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган ишбилармонлар сафи ўрта махсус ва олий ўқув юртларини битирган ёш мутахассислар ҳисобига йил сайин кенгайиб бораётир. Бу эса ҳар биримизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотмоқда. Чунки улар — ўзбек фарзанди, Ўзбекистон номли муқаддас Ватаннинг келажаги, юрт равнақига ҳисса қўшаётган баркамол авлод вакилларидир.

Ёшлик инсон умрининг шижоатли, орзу-умидларга лиммо-лим палласидир, бу чоғда олинган билим ёки ҳунарни тошга ўйилган нақшга қиёслашлари бежиз эмас. Ҳозирги кунда юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор миқёси шунчалик кенгки, тенгдошларимизнинг аксарияти мазкур имкониятлардан самарали фойдаланишмоқда. Демак, ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятга фойда келтиришга интиляпти.

Ёшларимизнинг иқтисодиётимиз барқарорлиги, элу юртимиз -фаровонлигини таъминлаш йўлидаги интилишларига кенг йўл очиляпти. Шу маънода, бугун ёшларимиз ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга дадил кириб келмоқдаки, бунинг амалий самаралари кўзга яққол ташланаётир.

Ёшларни иш билан таъминлашда уларнинг иқтисодий мустақилликка эришишлари ва ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишларида кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши энг асосий омил ва манба бўлиб хизмат қилади. Азалдан юртимиз ўзининг болажонлиги, ёшларнинг камолоти барча даврларда устувор бўлиб келгани билан ажралиб туради. Статистик маълумотларга кўра, бугун дунё аҳолисининг 16 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Юртимизда эса бу кўрсаткич эътироф этса арзигулик – аҳолининг 60 фоиздан ошиқ қатлами келажагимиз давомчилари ҳиссасига тўғри келади. Шу маънода ҳам, Ўзбекистонни ёшлар мамлакати, десак муболаға бўлмайди. Юртимизда тадбиркорлик азалдан халқимиз учун хос бўлган ва жамиятда юксак қадрланган. Хусусан, Амир Темур ўз салтанатида тадбиркорлар, шижоатли инсонларни ғоят қадрлаган: “Тажрибамда кўрилганки, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”.

Ёшлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда ҳам катта куч. Республикамизда 230 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг сафи янада кенгайиши учун давлат томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Навқирон авлод тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда республикамизда ташкил этилаётган “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ва “Ёшлар” меҳнат гузарлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда тадбиркорлик кўникмаларини эгаллаган ёшлар мустақил фаолиятини бошлашмоқда. Қишлоқ жойларида эса “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг гектардан зиёд ер ажратиб берилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида ҳам “Ҳар бир ёшга-бир гетар ер” лойиҳаси асосида 600 гектарга яқин ер майдони ёшларга ажратиб берилиб, бугунги кунда ёш ер эгалари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, юрт тараққиёти учун меҳнат қилишмоқда.

Мамлакатимизда шу каби иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли, айниқса ёшлар учун янги-янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, юрт ободлиги ва халқ фаровонлигини яхшилашда эзгу ниятли, ташаббускор ва доимо ҳаёт билан ҳамнафас бўлган тадбиркор ёшларнинг ҳиссаси беқиёсдир.

   Бекзод ЧОРИЕВ,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+