“Интернет тармоғидан фойдаланиш маданияти”

31.01.2024 23:01:17

   Интернет бу бир супермаркет кабидир. Ҳамма ўзи учун истаганини олади. Аммо бугун айни ахборот макони глобаллашуви жараёнида ёшларимиз интернет тармоқларидан қай мақсадда фойдаланишмоқда? Уларни кўпроқ нималар қизиқтирмоқда? - деган саволлар туғилиши табиий. Ўқувчи ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш ҳамда уларни интернет тармоқларидан фақатгина тўғри мақсадда фойдаланишлари учун бугун жойларда “Адолат” СДП фаоллари ва депутатлари томонидан ёшлар орасида кўплаб тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
   Жумладан, “Адолат” СДП Пешку туман Кенгаши раиси - Ф. Болтаев, Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат техникуми педагоглари ҳамкорлигида, мазкур таълим муассасаси ўқувчилари иштирокида “Интернет тармоғидан фойдаланиш маданияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.


   Давра суҳбатида сўз олганлар томонидан ёшларимизни интернет ресурсларидан тўғри фойдаланиш, маънавиятимизга, одоб-ахлоқимиз ва урф-одатларимиз, қадриятларимизга зид бўлган ахборотларни инкор этиш, ёмон ва яхши ахборотни ажрата олиш ва таҳлил этиш маданияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шу билан биргаликда ҳозирги замонда ҳар бир ёш авлоднинг огоҳ бўлиб, турли хил ёт ва манфур ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик, уларга қарши курашишнинг кучли иммунитетни шакллантириш лозимлиги қайд этиб ўтилди.
   Дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтган суҳбат давомида ўқувчи ёшлар ҳам мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
   Тадбир якунида ишчи гуруҳ томонидан мавзу бўйича ўқувчи ёшларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Ёш авлодга соғлом маънавий муҳитни яратиш, улар маънавий оламининг дахлсизлигини асраш асосий вазифаларимиздан. Зеро, ёшлар маънавиятига дахлдор юмушларда бепарволикка йўл қўйиб бўлмайди.

Моҳигул Раҳимқулова,
Ўзбекистон “Aдолат” СДП
Бухоро вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+