ИНВEСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

05.06.2024 10:06:28

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда. Бу эса хорижий ишбилармон ва бизнес вакилларининг юртимизда тадбиркорлик қилишга бўлган қизиқишини янада оширяпти.

Қолаверса, инвесторлар давлатлар ўртасида савдо-сотиқ, иқтисодиёт ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшишади.

Мана шуларни инобатга олган ҳолда  Саудия Ишбилармонлар Кенгаши ҳамраиси, «ACWA Pover» компанияси бошқарув раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги саудиялик инвесторлар делегацияси давлатимиз раҳбари билан учрашишди.

 

Муҳаммад Абунайян ҳамда Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, дипломатик муносабатлар янги босқичга  кўтарилгани, мамлакатлар ўртасида товар айрибошлаш кўрсаткичи тобора ўсиб бораётганини мамнуният билан қайд этиб, икки томонлама инвестицион лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигини таъкидлашди. Шунингдек, Саудия Арабистони компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари «ACWA Pover» компаниясининг мамлакатимиз энергетика тармоғини «яшил технологиялар» асосида модернизация қилишда етакчи ўринда эканлигига тўхталди.

Томонлар Жиззах аэропорти инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика тармоғини рақамлаштириш, иссиқлик таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, фармацевтика ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тиббиётни ривожлантириш, туризм ҳудудларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигида самарадорликка асосланган лойиҳаларини илгари суриш ва бошқа йўналишларга доир масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сабина АБДУРАҲИМОВА,

«Aдолат» СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+