«Ишга марҳамат» мономарказларининг аҳоли бандлигини таъминлашдаги аҳамияти

15.12.2022 12:12:45

Бугун ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, бирор фаолият турига жалб этишнинг энг самарали йўли — уларни касб-ҳунарга ўқитиш экани, мамлакатимиз тажрибасида яққол намоён бўлмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида ёшлар, айниқса, ишсиз аҳоли қатламини бу тизимга жалб қилиш, келгусида олий таълимни давом эттиришидан қатъий назар, уларга ҳаётида асқатадиган бирор ҳунарни ўргатиш, эгаллаган касби бўйича бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ана шундай хайрли ишлар бошида Президентимиз қарори билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида тажриба сифатида «Ишга марҳамат» мономаркази ташкил этилиб, илк фаолиятини 2019 йил сентябрь ойида Яшнобод туманида бошлаган эди. Йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга марказда талаб юқори бўлган қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича жами 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Бунинг учун марказда зарур техник воситалар, инновацион хоналар, малакали педагоглар жамоаси яратилди. Таҳлилларга кўра, Мономарказ хизматидан фойдаланаётган ва касб-ҳунар ўрганиш истагида мурожаат қилаётганларнинг кўпчилигини хотин-қизлар ташкил қилади. Марказнинг қисқа муддатли фаолияти натижаси бундай муассаса аҳоли, айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётгани, унинг филиалларини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам очишга эҳтиёж ва талаб юқорилигини кўрсатди.

Жумладан, 2020 йил 11 августдаги ҳамда ҳукуматнинг 2021 йил 5 апрелдаги қарорига асосан, 2021 йилнинг июнь ойида Қарши шаҳрида «Ишга марҳамат» мономаркази очилиб, фаолият бошлаган эди.

- «Ишга марҳамат» мономарказида 37 та йўналишда касбга тайёрлаш, шунингдек , учта ўқув курслари ташкил этилган,-деди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Шаропова.- Сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 11 та касб, яъни тикувчи, аёллар сартароши ,косметолог, нейлстилист, ошпаз, қандолатчи, официант-батлер, уқаловчи, ёш болалар учун энага, тарбиячи ёрдамчи, кичик меҳр-шафқат ҳамшираси каби йўналишлар бўйича касбга тайёрлар курслари мавжуд. 2021 йил 31 декабрь ҳолатига мономарказининг 287 нафари иш билан таъминланган .Уларнинг 7 нафари ишга кирган бўлса, 274 нафари ўзини-ўзи банд қилган, 6 нафари субсидия олган ва бошқа йўналишларда иш фаолиятини олиб бормоқда.

Жорий йилнинг саккиз ойи давомида эса 24 та касб бўйича 764 нафар тингловчилар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Шундан, мономарказда 21 та касб бўйича 543 нафар ва Косон филиалида 13 та касб бўйича 221 нафар тингловчи ўқимоқда.

Маълумки касб ҳунарга ўқитилган ишсиз фуқароларнинг келгусида иш топишида уларнинг айнан талаб юқори булган касбларни эгаллаши хам муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари Мономарказ билан Ишчи касблар ривожлантириш ва оммалаштириш Ассоциацияси “Worldskills Uzbekistan” ўртасида ҳамкор аъзолик учун шартнома тузилган. Шунингдек, Россия Халқлари дўстлиги Университети, «Молодые Профессионалы» иттифоқи ҳамда бошқа таълим ва касбий малакани баҳолаш муассасалари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб -ҳунарга ва рус тилига ўқитилишини ташкил этишда ҳамкорлик ўрнатилган.

Айни пайтда ана шундай ўқув курсларини тамомлаб, ўз ишини йўлга қўйиб олган юзлаб инсонлар оилаларига даромад олиб кириш баробарида, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётгани кўзлаган мақсадларимизга эришаётганимиздан далолатдир.

Дилрабо Чориева,

                                                                  Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                      Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+