Ишонч - ярим муваффақият

22.06.2021 15:06:12

Замонимиз шиддат билан одимламоқда. Баъзан ижтимоий, сиёсий, маънавий муҳитнинг бунчалик тез ўзгаришларига юз тутиши кишини ҳайратга солади.

Давлатимиз раҳбарининг катта жасорат билан Ўзбекистоннинг юксак тараққий этган давлатлар қаторидан жой олиши борасидаги саъй-ҳаракатлари, сўзсиз тан олиш керакки, ўз мевасини бермоқда. Буни юз бераётган янгиланишлар, юксалишлар, ўсиш суръатлари исботлаб турибди. Халқимиз буни тўла ҳис қилаётгани кишини қувонтиради. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзан ОАВ, интернет тармоқларида ёритилаётган ёки узатилаётган “Пашшадан фил ясамоқчи” бўлган ватандошларимизнинг “айюҳанносларини” кўриб, эшитиб, энсангиз қотади.

Ўзини миллатпарвар, ватанпарвар ҳисоблаган, биз билан “ўйи биру, малакаси бир бундай “фидойилар” ўтмишини, босиб ўтган ҳаёт йўли, “қолдирган мероси”га назар ташлайдиган бўлсак, хулоса чиқариш осонлашади. Иш юзасидан оддий инсон сифатида халқимизнинг яхши-ёмон давраларида кўп бўламан. Қарангки, тезкор ижтимоий тармоқлардаги юртимиз, миллатимиз эртанги кунига хизмат қиладиган янги қонун, қарорлар, дастурлар ҳақида эмас, балки “Сувга ботмас”, “Олди-қочди”, факт ва рақамлари исботланмаган ёлғон-яшиқ гаплардан иборат “хабарлар” ҳақида сўраб қолишади.        Ҳарчанд уринманг, ишонтира олмайсиз. Шунда ёқа ушлайсиз. Сизнинг атрофингиздаги ўқитувчи ёки олий маълумотли бошқа соҳа одамлари сукут сақлашади, жим ўтиради, томошабин. Одамнинг энсаси қотади, нега лоқайдлар, эътиборсиз кишилар кўпаймоқда? Гарчи савияси етмаса-да, ўзини “сиёсатчи” деб ҳисоблайдиган ёки бир маҳаллалар ўзи мансабда ўтирганда ҳозир айтганларининг тескарисини қилиб юрган “ҳақпараст”лар ҳаммани ўзига қаратмоқчи бўлишади, афсуски, бундай “бақир-чақирчи”ларга эргашадиганлар сони кўпаймоқда.       

Хулоса ўрнида, юртимиз тинчлиги, халқимиз, миллатимиз, эртанги кунимизни ўйлаб сайлаб қўйган чин маънодаги давлат раҳбаримиз бор экан, унга ишонайлик, эргашайлик, ҳамроҳ, ҳамнафас, бирдам, ҳамжиҳат бўлайлик. Қабул қилинган Қонун ва қарорлар ижроси таъминланишида ҳисса қўшайлик! Ўзбекистон, унинг Президенти ўз танлаган йўлидан қайтмайди. Ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилишига тўла ишонамиз! Ана шунда марра бизники бўлади.

 Санжар МАЙДОНОВ,

Ўзбекистон Адолат СДП Бухоро вилоят

 Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+