Ишончли вакил олтинсойлик сайловчилар билан учрашди

13.10.2021 15:10:08

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди.  Айни кунларда “Адолат” социал-демократик партияси томонидан тарғибот-ташвиқот тадбирлари кўтаринки руҳда олиб борилмоқда. Хусусан, сайловчилар билан учрашувларда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод – Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили Абдурашид Артиков томонидан номзоднинг сайловолди дастуридаги  ғоя ва мақсадлар етказиб берилмоқда.

Худди шундай учрашув Олтинсой туманидаги “Халқобод” маҳалласида жойлашган 18-сонли мусиқа мактабида ташкил этилди. Учрашувда партиянинг вилоят, туман Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, меҳнат фахрийлари,  ёшлар,  фаол хотин-қизлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни партиянинг туман Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов сўзи билан очиб, йиғилганларни номзоднинг ишончли вакили Абдурашид Артиков билан таништирди. Абдурашид Артиков тадбирда сўзга чиқиб, йиғилганларга аввало номзоднинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳамда сайловолди дастуридаги устувор вазифалар  хусусида батафсил маълумотлар берди. Номзод сайловчиларга ўз дастурида устувор ғоя ва мақсадларни ўз олдига улкан вазифа қилиб қўйганлигини таъкидлади. Айтиш жоизки, номзоднинг  сайловолди дастурида жамият ривожи билан боғлиқ қатор вазифалар белгиланган. Шу сабаб у сайловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Фотиҳ Ҳожиев, тумандаги “Халқобод” МФЙ раиси:

-Дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ва тан олинган социал-демократик ғояларнинг ўзбекона қадриятларимиз, миллий ўзига хослигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғунлашган ҳолда ифода этилганлиги барчани қувонтиряпти. Сайловолди дастурида бюрократизм, коррупция ва тўрачиликка қарши кураш масаласи алоҳида баён этилганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим. Бундан ташқари, номзоднинг дастуридаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини жамоатчилик назоратига олишни янада кучайтириш тўғрисидаги ғоялар партиянинг сайловолди дастуридаги асосий ғояларга ҳамоханг эканлиги ойдек равшан бўлиб, бу мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти барпо этилишида энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Сайловолди дастурда тиббиёт, таълим соҳасини ривожлантириш бўйича билдирилган таклифлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир сўнгида сўзга чиққан фуқаролар томонидан номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор вазифалар қўллаб-қувватланиб, барчани сайловда фаол қатнашишга чорланди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+