Ишончни оқлашнинг ўзи бўлмайди

13.06.2024 19:06:49

Халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутатлари тўғрисида гап борганда Ўзбекистон «Адолат» СДПдан сайланган халқ вакилларининг номи алоҳида тилга олинади. Бу бежиз эмас. Тўрт нафар партиямиз вакиллари доим жамоатчилик орасида, ҳудудлардаги муаммоларни ечимини топишда ташаббускор.

Маҳаллий кенгаш сессиялари ва доимий комиссияларга масала киритишда ҳам, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳам ўзига хос мактаб яратилган. Депутатлик гуруҳи аъзолари аниқ режа асосида иш юритадилар. Шундан бўлса керак фуқаролар ўз муаммоларини «адолатчилар»га айтишга ўрганган.

Шу ўринда депутат Дилфуза Аҳмедова фаолиятига назар ташлайлик. У жойлардаги муаммолар юзасидан кимдир мурожаат қилишини кутиб турмайди. МФЙ фаоллари билан ҳудудларни ўрганиш баробарида жамоатчиликни қийнаётган муаммоларга ечим излайди.

Дилфуза Аҳмедова, халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати:

-Сайлов арафасида сайловчиларга берган ваъдам кечагидек ёдимда. Уларга қарата агар ишонч билдирсаларинг, албатта оқлайман, дегандим. Бир қарашда бу оддий бир ҳаракатдек кўриниши мумкин. Бироқ мен учун катта синовга айланди. Сайловчиларни қийнаётган кичик бир муаммо ҳам тинчлик бермайди. Сарҳисоб қилсам орадан ўтган вақт давомида 200 дан ортиқ мурожаатлар билан ишладим, 125 та муаммога ечим топдим. 160 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришдим. Асосийси, сайловчилар энг оғир дамларда бизга мурожаат қилишга ўрганди.

Депутатнинг таъкидлаганича бор. Ишончни оқлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун тажриба, билим ва одамлар билан тиллаша билиш лозим. Халқ вакили буларнинг уддасидан чиқмоқда.

Узоққа бормайлик, шу йилнинг май ойида тумандаги Ойбек МФЙда яшовчи фуқаролардан қилинган мурожаатлар 12 тани ташкил этди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, Ойбек МФЙ, Янги аср кўчасида яшовчи яшовчи фуқаро Шуҳрат Маматов оилавий масалада депутат қабулига келди. Маълум бўлишича у оилалик, бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи арзимас сабаб билан Туркия давлатига кетган ва у ерда хорижлик фуқарога турмушга чиққан. Эндиликда Ш.Маматовдан ўз фарзандига оталик қилишдан воз кечишлигини сўрамоқда.

Ўзбек аёлига хос бўлмаган бу ҳаракат депутатнинг эътиборини тортди. Масала суд идораларига бориб қадалди. Шу сабаб мурожаат асосида депутат туман судига чиқди. Мақсад қонуний ечим топиш. Айни вақтда тўпланган ҳужжатлар асосида иш Избоскан туман судида кўрилмоқда.

Меҳр кўча, 102-уйда яшовчи Умида Насирдинова 2-гуруҳ ногирони, 1 нафар фарзанди бор. У ўзгалар кўмагига кўз тикиб ўтирмай тикувчилик билан шуғулланишни истайди. Бироқ тикув машинаси йўқ. Д. Аҳмедова унинг мурожаати асосида масъул ташкилотларга чиқди. Натижада Умиданинг орзулар ушаладиган бўлди.

Олмазор кўча, 71-уйда яшовчи Манзура Тожибоева ижтимоий кўмакка муҳтож. У фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда кўмак сўради. Ўрганиш асосида чиндан ҳам имконияти чеклангани, фарзандини МТМга бериш учун тўлов қобилияти йўқлиги аниқланди. Депутат аралашуви билан масала ижобий ечим топди.

Юқоридаги каби мисолларни кўп келтириш мумкин. Бир сўз билан айтганда избосканлик халқ вакиллари сайловчиларнинг ишончини оқламоқда.

Акбаржон Назаров,
«Адолат» СДП
Андижон вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+