Ишончсиз – ишонч телефони

30.04.2021 18:04:52

Яқинда фарғоналик қариндошим машина олди. Менга сотиб олинган машинадан ҳам кўра, уни расмийлаштиришнинг машмаша-ю можароси жумбоқли туюлди.

Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига (халқ тилида обл. ГАИ ёки МРЭО) машинани расмийлаштириш учун бордик.

Не ажабки, у ерда мижозларни куппа кундузи, очиқ-ошкора тунаш ҳолатига дуч келдик. Даставал, “ГАИ” ходими машинани рўйхатдан чиқариш учун ариза ёзиш хонасига бориб, “обл ГАИ” бошлиғига ариза ёзиб келинглар, деди. Ариза ёзиш хонасидаги “тадбиркор”лардан ариза бланкаси ва намуна беришларини сўраганимда, “аризани биз ёзамиз, сизга ҳеч қандай бланка берилмайди” деб оёқ тираб олишди. Қарангки, ҳар бир аризани ёзиб бериш нархи “обл ГАИ”да 8000 сўм, тегишли яшаш жойига биноан машинани рўйхатга қўйиш ҳудуди сифатида белгиланган Риштон туманидаги “ГАИ”да эса 11000 сўм (?!) қилиб белгиланган экан...

Навбатдаги ажабо!: “обл ГАИ”даги тўлов бўйича квинтация берилмади, Риштон туманида эса квинтация берилди.

Мен квинтациялар бўйича уларнинг ҳатти-ҳаракатлари ўрнатилган тартибларга қанчалик мувофиқлигини сўраганимда, улар қисқа қилиб “тартиб шунақа” деб қўя қолишди.

Кейинги ажабо: халқ тили билан айтганда, фиғонимиз фалакка чиқа бориб, “обл ГАИ”да ўрнатилган ўзбошимча тартибсизликлардан норизо бўлиб, Ички ишлар вазирлигининг “1102” ишонч телефонига қўнғироқ қилишга тушдик. Бир неча дақиқалардан сўнг, телефонимнинг пули тугаб қолганини сездим. Таажубки, “1102” ишонч телефони пуллик бўлиб, ҳар дақиқаси 125 сўмдан экан!

Бўшашмадик, аҳдимиздан қайтмадик – телефон ҳисоб рақамини тўлдириб, қайта-қайта қўнғироқ қилишга тушдик. “1102”даги “робот хоним” мурожаатимни 20-навбатга қўйганини билдирди. “Робот хоним”нинг навбатим тобора яқинлашаётганини айтиб, мени 35 дақиқа (!) ҳурсанд қилиб турди.

Ниҳоят “робот хоним” кутилган хушхабарни эълон қилди! Мен “1-” навбатга етиб келибман. Нима бўлди денг, “робот хоним” билан алоқа 39 минут-у, 59 секундга келганида мени қисқа гудоклар кутиб олди.

Шу ерда ўз-ўзимга сўз бердим. Энди ўзимни қийнаётган саволларга жавоб олмагунимча тинчимайман.

Ҳурматли Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, мутасаддилари!

- ишонч телефони хўжакўрсинга ташкил қилинганми?

- транспорт воситасини сотиб олиш ёки рўйхатдан чиқаришга ариза ёзиш хоналарида мажбурий пуллик хизмат кўрсатишни ҳуқуқий жиҳатдан қандай асослайсиз?

- нега Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ҳаммага тушунарли бўлиши учун халқ тилида ГАИ, обл ГАИ деб ёздим) халқни рози қилишдек инсоний ғоялар ва замонавий талабларга биноан ишлаб чиқилган қонун-қоидалар асосида ишламаяпти?

- нега ақалли бир ойда бир маротаба ДЙҲХ хизмати фаолияти устидан назорат ва суриштурув ўтказилмайди?

- қачонгача бу тизим халқнинг таажжуби, норизолиги, шубҳа-гумонлари ичида яшайди?

Ҳа айтмоқчи, эсдан чиқай дебди: ҳурматли “ГАИ”дан куйганлар, мободо, ишингиз тушиб, “1102”га қўнғироқ қилсангиз, нариги томондан кимдир “алё” деб қолса, дўппингизни осмонга отинг!!!

 

Илҳом ДЖУРАЕВ,
Марказий аппарат
Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+