Ислоҳотлар бардавомлиги учун барча фуқаролар масъул

21.12.2022 11:12:34

Ҳар йилгидек давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бу йил ҳам катта қизиқиш билан тингладим. Унда айтилган сўзлар ҳақиқатга нечоғли тўғри эканлигини, ислоҳотлар йўлида илдам бориш бугун ҳар бир ватан фуқаросининг муқаддас бурчи эканлигини ҳаётнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар ичида мамлакатимизда катта ислоҳотларга тенг ишлар амалга оширилди. Жойларда халқ хизматчилари, халқ сайлаган ноиблар ушбу ислоҳотларнинг кенг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлашда катта роль ўйнамоқда. Ҳокимлардан тортиб маҳалла раисларигача бу ишларда ўз сафарбарлигини намоён этмоқда. Бироқ Президентимиз таъкидлаганидек, кўпгина белгиланган ишлар, олдга қўйилган улкан мақсадлар айрим ваколатли доираларнинг сусткашлиги туфайли ортга сурилиши мумкин эмас. Шу боисдан ҳар бир вазифага оғишмай амал қилиш, ватан тараққиёти йўлида хизмат қилиб халқимиз ишончини оқлаш муҳимдир.

Мурожаатномада депутатлар ва Сенат аъзоларига яна бир бор катта ишонч билдирилгани, улар ўз ваколатларидан имкон қадар кўпроқ ва самарали фойдалана билиши лозимлиги айтиб ўтилди. Дарҳақиқат, бугунги депутатлар кечаги депутатлар эмас. Улар Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлмоғи лозим. Шу боисдан, халқ дардига қулоқ тутиб, чинакамига халқ хизматчисига айланиши бугунги куннинг муҳим талабидир. Режага кўра, Кенгаш раислигини хокимлардан олиб депутатларга берилиши асносида депутатлар фоллиги янада ортади деб ўйлайман.

Шунингдек, Мурожаатнома давомида 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном бериш асносида таълим тизимининг сифат даражасини ўстириш, жойлардаги таълим муассасаларида ҳалигача давом этаётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ёхуд чек қўйиш учун ишларни ташкил этиш, ўқитувчилар савиясини ошириш кераклиги алоҳида қайд этилди. Мактабларни битириб чиқаётган ёшларнинг аксарияти сифатсиз таълим натижасида олийгоҳ талабаси бўла олмаётгани, 10 йил ўқиб ҳам тил ўргана олмаётгани мамлакатимиз раҳбари томонидан алоҳида ачиниш билан тилга олинди. Аксинча бир йил репетиторга бораётган бола иккита тилни бемалол ўзлаштираётгани мактабларда ўқитиш сифати паст эканлиги билан изоҳланди. Бу борада эндиликда сонга эмас сифатли таълимни йўлга қўйишга эътибор кучайтирилиши маълум қилинди. Айтиш керакки, Мурожаатноманинг ушбу қисми айнан дилимдаги гапларни юзага келтиргандек бўлди. Чунки, ўзим ҳам тўққиз йил қишлоқ мактабида ўқиб сифатсиз таълимнинг қурбонига айланганман. Хорижий тиллар ва бугунги замон талаби бўлмиш информатика фанлари яхши ўқитилмаган. Ўқитувчилар етишмасди. Борлари ҳам талаб даражасида таълим бера олмагани боис кейинчалик репетиторга қатнаб, билимларимни ўстирганман. Ва бир неча йиллар давомида интилиб, олийгоҳ талабаси бўлганман. Бу ҳам аслида юқорида келтирилган муаммонинг илдизидир. Бу биргина битта қишлоқ мактабида ўқиб таълим олган ўқувчининг бошидан ўтказгани. Менга ўхшаган яна қанчадан қанча миллионлаб ёшлар бу ҳолатга тушишган. Президентимизнинг таълим сифатини юқори босқичга олиб чиқиш режасини маълум қилгани ҳам айнан мана шу қуйи тизимдаги муаммо ва иллатлардан хабардор эканлигидадир.

Умуман, Мурожаатноманинг барча йўналишлари ҳар биримизнинг ҳаётимизда акс этиши мумкин бўлган муаммоларга ечим сифатида кўрсатилган муҳим ҳужжатдир.

Меҳринисо ЯКУБОВА,

Журналист.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+