Ислоҳотларда ташаббускорликни даврнинг ўзи талаб қилмоқда

26.03.2021 21:03:17

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳамда Ўзбекистон "Ветеран" жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Сурхондарё вилоят бўлими Кенгашлари ҳамкорлигида Термиз шаҳридаги вилоят ОИТСга қарши кураш марказида партия дастурий мақсад ва вазифалари тарғиботига бағишланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия вилоят Кенгаши вакиллари, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Сурхондарё вилоят бўлими Кенгаши ходимлари, тиббиёт ходимлари қатнашдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини  таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги босқичида барчанинг зиммасига масъулиятли вазифалар юкланаётганлигига урғу берилди. Бу борада “Адолат” СДП ғоя ва мақсадларини аҳоли онгига сингдириш мақсадида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш асосий вазифа эканлиги қайд этилди.

Тадбирда айни пайтда Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳалари доирасида ҳудудларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар, акциялар ташкил этиш кучайтирилаётганлиги хусусида таъкидлаб ўтилди. Бундай учрашувларда “Адолат” СДП аъзоларининг асосий қатлами ҳисобланган тиббиёт ҳамда таълим соҳасида фаолият юритаётган партия фаолларининг кенг иштироки кузатилаётганлиги, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари томонидан асосий эътибор фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолининг орасига янада чуқурроқ кириб бориш ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишга қаратилаётганлиги хусусида сўз юритилди.

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан партия Сайловолди дастурида  соғлиқни сақлаш масалаларига алоҳида кенг ўрин берилганлиги таъкидлаб ўтилди. Бунда айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги айтиб ўтилди.     

Тадбирда сўзга чиққанлар барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш давр талаби экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Нурмамат Норбаев, Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори:

Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Партия Сайловолди дастурида кўзда тутилган лойиҳалар бизнинг мақсадларимиз билан муштаракдир. Халқимизнинг саломатлиги, келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишларида албатта соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш, меҳнатга меҳр уйғотиш, фарзандларимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш барчамизнинг вазифамиз.

Шунингдек, сўзга чиққанлар айни кунда коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда шифокорларнинг мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштириш учун барча куч ва воситаларни ишга солиб, вирусга қарши кураш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун олиб бораётган фидокорликлари ҳам қайд этиб ўтилди. Фидойи тиббиёт ходимларига, айниқса, бутун жаҳонни таҳликага солган пандемия шароитида инсон учун энг азиз неъмат бўлган ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилаётган шарафли касб эгаларига юксак ҳурмат ва эҳтиром, чуқур миннатдорлик билдирилди.

Тадбир сўнгида ташкилотчилар томонидан марказнинг фидойи ва жонкуяр шифокорлари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзб екистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+