Исломга оид тадқиқотларининг янги истиқболларига бағишланган халқаро конференция

28.05.2021 17:05:14

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ислом ҳамкорлик ташкилотида Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA, Туркия) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари” мавзуида академик Убайдулла Каримов хотирасига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Унда Фанлар академиясининг ижтимоий-гуманитар институтлари ва музейлари, соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Туркия ва АҚШнинг университет ва илмий-тадқиқот марказлари олимлари онлайн тарзда иштирок этдилар.

Тадбир аввалида Институт қўлёзмалар фондидаги манбаларнинг нодир намуналари қўйилган кўргазма уюштирилиб, тарихий манбалар иштирокчиларни хайратлантирди. Ташриф буюрганлар кўргазмадаги иштирок ва мутахассисларнинг изоҳларидан сўнг Ислом – илм дини эканлигига, исломий таълимотлар чуқур ва кенг миқёсли эканлигига яна бир бор амин бўлдилар.

Онлайн ва оффлайн шаклда ўтказилган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ёш шарқшуносларнинг академик Убайдулла Каримов номидаги конференцияси Шарқшунослик институти учун анъанавий бўлиб, 2004 йилдан бери ўтказилиши, 2019 йилдан эса у республика миқёсидаги тадбирдан халқаро даражага кўтарилганини таъкидлади.

 

Конференция ишида Ислом тарихи, маданияти ва санъатини тадқиқ этиш маркази (IRСIСА) бош директори профессор, доктор Маҳмуд Эрол Қилич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси  президенти академик Б. С. Юлдашев, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш. Миноваров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори  профессор З. Исломов, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, ҳамда Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом ал-Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари директорлари ўз табрик сўзларини изҳор этдилар. 

Конференциянинг ялпи мажлисида академик Убайдулла Каримов тадқиқотларининг Ўзбекистон шарқшунослигидаги ўрни, Мовароуннаҳрнинг ислом цивилизациясидаги аҳамияти, ХIХ аср охири-ХХ аср бошларидаги Ўрта Осиё ижтимоий ҳаётида мусулмон уламоларининг фаолиятига доир Ўзбекистон, Туркия ва Қирғизистон олимларининг маърузалари тингланди.

 

Сўзга чиққанлар шарқшунос олим, академик Убайдулла Каримов ар-Розий, Беруний, Ибн Сино каби энциклопедист алломаларнинг илмий меросини халққа етказиш ишига ўз ҳиссасини қўшганини қайд этдилар. Олим кўплаб тиб илмига алоқадор китобларни ўзбек ва рус тилларига изоҳли таржима қилгани, ушбу манбалар замонавий мутахассислар фаолиятида ҳам асқотаётгани таъкидланди.

Ялпи мажлисдан сўнг конференция ўз ишини 7 та шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада ислом цивилизацияси тарихи, Марказий Осиё тарихи ва тарихшунослик масалалари, манбашунослик ва матншунослик, исломшунослик, фан ва санъат тарихи, алломалар илмий мероси ҳамда филологик тадқиқотларга бағишланган 12 тадан, жами 84 та маъруза тингланди.

Ислом цивилизацияси тарихи, манбашунослик, тарих ва тарихшунослик, исломшунослик ҳамда филология номинацияларида энг яхши деб топилган 5 нафар маъруза соҳиблари конференциянинг махсус дипломи ва совғалар билан тақдирландилар.

Конференцияга тақдим қилинган материаллар “Ўзбекистонда ислом маданияти, тарихи ва санъатини ўрганишнинг янги истиқболлари. New Perspectives for the Study of Islamic Culture, History and Art in Uzbekistan” номли конференция тўпламида нашр этилди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

       

      

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+