Ижро интизоми – фаолият самараси

18.08.2021 10:08:36

“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан маҳаллий Кенгашларда иш юритиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш вазифаси юклатилган масъул ходимларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган  ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, туман, шаҳар Кенгашлари раислари, ижрочи котиб-мутахассислари, депутатлар, партия фаоллари иштирок этди.

Дастлаб,  партия вилоят Кенгаши раиси Бобур Мамиров  сўзга чиқиб,  партия фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, фаолиятни  жадаллаштириш ва талаб доирасида олиб бориш учун муҳим бўлган жиҳатларни мисоллар билан тушунтириб ўтди.

Шунингдек, сайловолди жараёнларда фаолликни қўлдан бермаслик, аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини тўғри ташкил қилиш,  депутатлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.

Шу ўринда бошланғич партия ташкилотлари билан узвийликни янада мустаҳкамлаш, жараёнларда вилоятнинг чекка ҳудудлари аҳолисини ҳам қамраб олиш, партия тарафдорлари сафини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида  тўхталиб ўтилди.

Тадбирда  сўзга чиққан  масъуллар ва депутатлар маҳаллий Кенгашлар  Пленумини уюшқоқлик билан ташкил қилиш,  илк сайловга иштирок этувчи ёшларнинг сиёсий жараёнларга эътиборини тортиш, шу билан бирга мамлакат тақдирини ҳал қилувчи давлат раҳбарини тўғри танлашда масъулиятли бўлиш, сайловолди тадбирларини ташкил этишда партия фаолларини янада шижоатли бўлишга  чорлади.

Таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ваколатлари доирасида жуда кўп иш қилиши мумкин. Аммо бу борада мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётганлиги сезилмоқда.

Семинарда жойларда амалдаги қонунларнинг ижро этилиши устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, сайловчиларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботини тинглаш, сессияга масала киритишда депутатлик гуруҳларининг фаоллигини оширишда услубий ёрдам кўрсатиш каби  вазифалар долзарблиги қайд этилди.

Партиянинг вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилаётган бу каби амалий семинарлар биз учун айни муддаодир, –  дейди Қуйи Чирчиқ туман Кенгаши раиси Зиёвуддин Туробов. – Айнан, бу йилги сиёсий жараёнларда  партия кадрларининг билим ва малакасини ошириш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири саналади. Шу боис бугунги йиғилишда партия фаоллари ҳамда БПТ етакчилари учун ташкил этиладиган сиёсий ўқувларнинг изчиллигини таъминлаш ва уларни янада такомиллаштириш  зарурлиги билдирилди.

Тадбир  давомида  иштирокчи ходимлар амалиётда учраб тураётган айрим муаммолар, жумладан, ижро интизоми билан боғлиқ бўлган масалалар, ҳисоботларни юритилишидаги мавжуд муаммолар юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.

Семинар якунида фаолиятда эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

   

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+