Ижтимоий объектлар жойлашган ерлар халқники бўлиши керак

15.03.2024 11:03:00

Турар жойлар олдидаги боғлар, болалар ва спорт майдончалари, бошқа ижтимоий объектлар жойлашган ерлар халқники бўлиши керак

Маълумки, сўнгги етти йилда мамлакатимизда ер муносабатларига оид туб ислоҳотлар амалга оширилди, ер майдонларини ноқонуний бериш ёки сотиш йўналишида коррупцияга қарши курашиш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинди, ерларни ким ошди ёки аукцион савдолари орқали шаффоф олиш тизими яратилди.

Шунга қарамасдан, кўп қаватли уйлар ва бошқа турар жойлар олдидаги ёки орасидаги болалар ўйин ва спорт майдончалари, кўллар, боғлар ва дарахтзорларни, яъни умумий фойдаланишдаги ижтимоий объектларни ёки ерларни турли объектлар (кўп қаватли уй, ресторан, меҳмонхона, савдо мажмуаси ва ҳоказо) қуриш учун бериб юбориш, аҳолининг розилигисиз ҳокимият захирасига олиб, кейинчалик ким ошди ёки аукцион орқали сотиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Мисол учун, пойтахтимизнинг Яккасарой тумани “Юнус Ражабий” маҳалласидаги футбол майдони ва яшил ҳудуд ўрнида 5 қаватли бино қурилиши режалаштирилган.
Ваҳоланки, аҳоли бир ярим йилдан бери бунга ўз норозилиги билдириб келмоқда ёки аҳолининг қаршилигига қарамасдан Мирзо Улуғбек тумани “Баҳор” маҳалласида жойлашган футбол майдони ўрнида ҳам кўп қаватли бино қурилиши мўлжалланган.

Шу каби ҳолатларининг олдини олиш мақсадида “Адолат” СДП қуйидаги ташаббусларни илгари суради:
биринчидан, ҳокимлар ёки бошқа мансабдор шахсларнинг турар жойлар олдидаги умумий фойдаланишдаги объектларни (болалар ўйин ва спорт майдончалари, кўллар, боғлар, дарахтзорлар ва бошқа ерларни) ҳокимият захирасига олишни, шунингдек, ҳар қандай кўринишда бошқа шахсларга беришни тақиқлаш;
иккинчидан, ушбу объектлар ёки улар жойлашган ер участкалари ҳокимлар ёки бошқа мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари асосида ҳар қандай кўринишда бошқа шахсларга берилса, бундай объектларни умумий фойдаланишга қайтариш, тегишли мансабдор шахслардан етказилган зарарни тўлиқ ундириш ва уларни жавобгарликка тортиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+