Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар давом этади

26.01.2021 12:01:58

Қарши шаҳридаги Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва Давлат Дастури лойиҳаси юзасидан тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоятдаги олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов маъруза қилди.

-Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга Президентимиз томонидан жуда катта эътибор берилаяпти,-деди  Руиддин Раупов.-Биз ҳам Мурожаатномада белгиланган устувор вазифаларни бекаму-кўст адо этилиши учун фаолият йўналишларимизни белгилаб олдик. Албатта,  партиямиз Сайловолди Дастурида ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга доир  давлат Дастури тўғрисида”ги Президентимиз Фармонида ҳам Тиббиёт соҳасини комплекс ривожлантириш, ёшлар муаммолари билан жиддий ишлаш вазифалари алоҳида қайд этиб ўтилган. Биз жорий йилда 300 нафар ёшларни  муқим иш жойларига эга бўлишларига ёрдам берамиз.  Вилоятдаги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда бўш ётган  ерларни ўзлаштириш ҳисобига “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида  50 нафар ёшларни ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиб олишлари учун кўмаклашамиз. Умуман, Мурожаатномада кўзда тутилган масалалар  ва давлат Дастурида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун бир қатор вазифаларни белгилаб олдик.

Кун тартибидаги масала юзасидан депутатлар, партия фаоллари ҳам сўзга чиқиб, Мурожаатнома ва давлат Дастури лойиҳаси доирасида маъруза қилдилар.

Тадбир савол-жавоблар асосида уюштирилгани боис қизиқарли кечди.  

                                               Гулноза РАДЖАБОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+