Ижтимоий тармоқлардаги муаммо ва имкониятлар

15.07.2021 08:07:20

Бугунги кунда ёшлар тарбияси жуда ҳам мураккаблашиб бораётган бир даврда уларни тўлиқ назорат қилишнинг имкони йўқ. Лекин ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй имкони борича ўз фарзандларини қандай ишлар билан шуғулланаётганини, нималар ҳақида ўйлаётганини, нималарни хоҳлаётганини назардан қочирмаслигимиз керак. Ҳар ҳолда уларни кўпроқ илм, спорт ҳамда фойдали машғулотларга жалб қилиш кўпроқ ижобий самара беради.

Ёшларимиз тарбиясидаги энг нозик нуқта шундаки, вақт жуда ҳам тез ўтиб бормоқда. Озгина фурсат бефарқликка йўл қўйсак, улкан йўқотишларга сабаб бўлиши мумкин. Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”.

Ҳозирги даврда ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, XXI аср авлодига интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг имкони йўқ. Чунки турли хил ижтимоий тармоқлар нафақат ёшларнинг, балки жамиятдаги ҳар қандай фаол инсоннинг ҳам доимий эҳтиёжига айланиб улгурди.

Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги жамиятимизда энг катта кашфиётлардан бири – ижтимоий тармоқлар ёки умумий айтганда – интернетдир.

Маълумки, бутун давлат ташкилотлари, корхона ва ўқув муассасалари учун зарур хабарларни жўнатиш, керакли маълумотларни олиш учун ижтимоий тармоқлар энг қулай воситадир. Бу тармоқ ишга туширилгандан кейин фойдаланувчиларнинг вақти ва унга сарфланадиган ҳаражатлар сезиларли даражада тежалади.

Афсуски, интернетдан катталардан кўра ёшлар, ўсмирлар кўпроқ фойдаланмоқда. Ҳозирда ёшларимиз китоб, журнал ва газеталар мутолаа қилмай қўйишди. Телевидение, радио орқали дунё янгиликлари билан танишмай қўйишди. Чунки ҳеч қандай қийинчиликларсиз ҳар қандай  янгиликларини топиш мумкин. Шу билан биргаликда, бу тармоқ орқали аҳлоқий меъёрларга зид, диний ҳамда миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган маълумотлар, тарғиботлар тарқатиляпти. Айнан мана шу тармоқ баъзи ёшлар онгини заҳарлайдиган, одоб-аҳлоқни бузадиган маълумотларни тарқатадиган қулай восита бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқлар орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (лайк)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортиб, кишиларнинг, хусусан ёшларнинг маънавиятига, аҳлоқига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (лайк)ларни яна олишни ва тобора кўпайтиришни истайди, шу билан бирга бундан роҳатланади.

Бу роҳатланиш оқибатида улар виртуал оламга буткул шўнғиб, атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлган ҳолда ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Қолаверса, ёшлар ўртасида ижтимоий тармоқларда бир-бирини хақорат қилиш, туҳмат, бўхтон, ғийбат ва ҳаттоки жамиятимизга фитна уруғини сочаётганлар ҳам учраб турибди. Кимда кимнинг қасди бўлса тўғридан-тўғри интернет орқали хуморидан чиққунча “тузлаяпти”.

Ҳаётда қандай умуминсоний қоидаларга риоя қилиш лозим бўлса, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам ўзига ҳос тартиб-қоидалар, талаблар мавжуд, фақат уларга риоя қилиш керак. Акс ҳолда турли ҳил ноқулайликлар, хотоликлар юзага келиб қолиши мумкин. Бу борада ёшларимизга ижтимоий тармоқнинг салбий томонлари ва оқибатларини тушинтириш, улардан ҳимоя қилиш, доимий равишда тушунтириш ва олдини олиш ишларини олиб бориш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

 

Офтобой НИШОНОВА,

Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+