Йигирма йиллик узилишдан кейин қайта уланаётган ришта

14.06.2021 14:06:08

“Ён қўшнинг — жон қўшнинг”, дейди ўзбек. Тожикда ҳам бор шу мазмундаги гап: “Аз хеши дур ҳамсояи наздик беҳтар” Яъни, яқин қўшни узоқдаги қариндошдан яхши.

Ҳа, бу икки миллатнинг наинки нақлларида, балки юз-кўзларигача ўзаро ўхшашлик кўпки, бехабарроқ одам бир қарашда фарқлаши қийин. Мисол учун, режиссор Зулфиқор Мусоқовнинг “Берлин-Оққўрғон” филмида тарихий бир ҳақиқат кадрларга кўчирилган. Афсонавий Марям Ёқубова ўқиб, малака ошириш учун Москвага — Мейерхолд театрига борганида, унга илк бор кўзи тушган театр актрисаларидан бири узо-оқ термулиб қолади-да, биргина савол беради:

— Тожикистонданмисиз?

Жавобини навқирон иқтидор ва ҳусн соҳибамиздан аввал шу ерда ўтирган ходимлардан бири шошилинч ҳам хижолатомуз алфозда актрисанинг қулоғига шипшийди:

— Хоним, у Ўзбекистондан...

Бироқ бу жавобдан актрисанинг фақат энсаси қотади. Ва дейдики:

— ...нима фарқи бор?!..

Гарчи мазкур филмнинг айни кадрларида кўпроқ режиссор истеҳзоси яширин бўлса-да қисман ростлиги ҳам бор.

Кеча, 10 июнь куни ён қўшнимиз Тожикистон президенти Имомали Раҳмон таклифига биноан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Душанбе тайёрагоҳига қадам қўйди.

Мана, икки кундирки, икки қардош ҳам қўшни юртлар раҳнамоси қатор зарур битимларни тасдиқлашиб, мамлакатларимиз истиқболи учун муҳим келишувларга келмоқда.

Хусусан, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган, қиймати 1 миллиард долларлик, 35 та ҳужжат имзоланганининг ўзи бир катта гап.

Биргина мисол, электр токини аллақайси минтақадан тортиб келганимиздан кўра ёнгинамиздаги Тожикистондан келгани ҳам киссага, ҳам кўнгилга анчайин енгиллик бермайдими!

Ва ўз навбатида, тожик биродарларимиз ҳам табиий газини, ҳув, олис бир ўлкалардан тортиб келгунча, шундоққина қабатидаги ҳамсоясидан — Ўзбекистондан олиб қўя қолгани ҳар тарафлама маъқул эмасми, барибир!

«Bugungi muzokaralar ko‘p asrlik do‘stlik, ishonch, yaxshi qo‘shnichilik va strategik sheriklik munosabatlarini mustahkamlash borasida niyatimiz jiddiy va qat'iy ekanini yana bir bor namoyish etdi. Birgalikdagi sa'y-harakatlarimiz O‘zbekiston va Tojikiston o‘rtasidagi hamkorlikda ikki birodar xalqlarning ravnaqi yo‘lida aniq, sezilarli natijalarga erishishga qaratilgan», — деди Президентимиз, сўзининг адоғида. Хўш, бу шунчаки дипломатик алқовми? Йўқ, албатта! Зотан, яқин ўтмишимизда бу икки халқ орасидан “ола” ўтган пайтлар бўлди. Ургут, Сўх воқеалари...

Айнан шунинг учун ҳам, яъниким ўртадаги маҳаллийчилик, тарафкашлик, бошбошдоқлик каби майда, аммо хатари катта иллатларга барҳам бериш йўлида ҳам бу — улкан иш!

Ижод майдонида-ку қадим мозийдагина эмас, бугун-да қалинмиз, беадад шукр. Дейлик, ҳозирги тожикзабон ёш шоирлардан саналмиш Шоҳрўз Мўминзода билан бўлажак жайдари ўзбек шоири Жонтемир Жондорларнинг ака-ука сингари самимий муносабатларига ҳавасинг келади. Улар елкадошлиги шеъриятдагина эмас. Тошкентда талай замон бир том остида, бир ижара уйда яшашди. Бир дастурхон устида таомланишди. Қизиғи, ўша ижара уй соҳиби ҳам, асли тожикистонлик шоир, таржимон, олим ва энг муҳими, қалби тоза инсон Одил Икром эди...

Шундай, ўзбек-тожик биродарлигига, сиёсат призмасидан қаралганда, сўнгги 20 йил ичида соя тушгандек кўринсада, эндиликда, мана, бу ришталар қайта уланмоқда. Улангандаки, ечилмас бўлиб, маҳкам боғланаётир.

 

Санжар ҚУРБОНОВ,

Навоий шаҳар Кенгаши депутати,

“Адолат” СДП аъзоси, журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+