Йўллар – депутатларимиз эътиборида

24.05.2021 15:05:34

Йўллар – нафақат иқтисодиётнинг, балки ҳаётнинг қон томирларидир. Улар узоғимизни яқин қилади, шаҳар ва қишлоқларни, юртларни бир-бири билан боғлайди. Эсласангиз, инсон кўп изҳор этадиган тилаклардан бири ҳам “Оқ йўл!” деб номланади. Бу, бежиз эмас, чунки йўлингиз хавф-хатарсиз, текис ва равон бўлса, манзилингизга тез етасиз. Мазкур оддий ҳақиқатни ҳар бир киши яхши тушунади.

– Ушбу мавзу ўтган йил охирларида кўтарилган эди, - дейди “Адолат” СДП Норин туман кенгаши раиси Носиржон Ҳасанов. – Норинкапа қишлоғида сайловчилар билан ўтказилган учрашувлардан бирида фуқаролар ички йўлларнинг ҳолати тобора ёмонлашиб кетаётганлиги ҳақида мулоҳазалар билдиришди. Бошқа жойларда бўлган бир қатор тадбирларда ҳам шу тўғрида кўп гапирилди. Фаоллар билан маслаҳатлашиб, бу масалани жиддий ўрганишга ва халқ депутатлари туман кенгаши сессияси муҳокамасига киритишга қарор қилдик.

Норинлик “адолат”чилар ишга астойдил киришдилар. Ўзбекистон Реқпубликасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуни асос қилиб олинди. Мазкур ҳужжат асосида саволнома тузилди ва кўпчилик маҳаллаларга тарқатилди. Уларда қўйилган масалаларга жавоблардан ташқари махсус тузилган ишчи гуруҳ жойлардаги ҳолатни ўрганди. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг фаолияти билан эса алоҳида дастур бўйича танишиб чиқилди. Қисқаси, барча тўпланган материаллар умумлаштирилганда, диққатни жалб этадиган ахборот шаклланди.

Дарвоқе, “Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунининг тумандаги ижроси, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиш ҳолати” бўйича тайёрланган ахборот аввал тегишли доимий комиссия эътиборига ҳавола этилди. Мутасадди ташкилотлар, ҳокимият вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамада айрим муаммолар ойдинлашди. Сессияда билдирилиши мумкин бўлган бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Буларнинг ҳаммаси масалани сессияга пухта тайёрлаш имконини берди. Ўз-ўзидан ҳамма депутатларда йўлларга қизиқиш билан ёндошишлари учун шарт-шароит яратилди.

Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги сессиясида “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Шарифжон Омонов ахборот билан чиқди. Музокарада қатнашганлар партиядошларимиз масалани пишиқ-пухта тайёрлаганликларини эътироф этдилар. Чунки ахборотда эришилган натижалар ҳақида батафсил фикр юритилди. Шу билан бирга йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам рўй-рост айтилгани унинг таъсирчанлигини оширди. Юқоридаги қонун ижросини таъминлашда сусткашликка сабабчи бўлаётган корхона ва ташкилотлар, МФЙ раислари, ҳатто айрим фуқаролар ҳам номма-ном айтилди.

Қабул қилинган қарорда “Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунининг тумандаги ижросини тўлақонли таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг бажарилиши учун масъул шахслар, муддатлар ҳам белгиланди. Ҳар бир депутат зиммасига ўз сайлов округи ҳудудида мониторинг олиб бориш вазифаси юкланди. Доимий комиссияга йил якунлари бўйича масалани яна бир бор ўрганиш тавсия этилди. Ҳеч шубҳасиз, бу кенгаш қабул қилган қарорнинг таъсирчанлигини оширади.

Куни кеча хизмат вазифаси тақозосига кўра Норин туманида бўлишга тўғри келди. Хусусан, “Шўрариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганимизда ички йўлларнинг ҳолати билан қизиқдик. Бизни Обод диёр кўчасига бошлаб боришди. Яқингача бу ерлар ўнқир-чўнқир бўлиб, транспорт воситаларига ҳам, пиёдаларга ҳам ноқулайликлар туғдирар экан. Мана энди, вазият ўзгариб, йўлни равонлаштириш чоралари кўрилмоқда экан. Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси жамоаси ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда. Сессияда айнан мана шу маҳалла тўғрисида ҳам гап бўлган эди. Мана энди, вазият яхши томонга ўзгармоқда. Бунда “Адолат” СДП депутатларининг ҳиссаси борлиги қувонарлидир.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+