Карантин қоидалари ҳаммага тенг эмасми?

13.08.2021 12:08:22

Covid – 19  хавфи яна кучайиб, барча пана-паналарда беркиниб ниқоб тақиб юрган бир маҳалда “Дизайн шоу” жамоаси концерт берди. Қизиқ-а?! Махсус комиссия томонидан кунда кунора карантинни кучайтириш бўйича турли чекловлар ўрнатилаётгани эълон қилинаётган бир вақтда минглаб одамларни битта саҳнага йиғиб томоша кўрсатишга ким ҳақли экан-а?! Ўтган Ҳайит байрамларида ҳам жамоат бўлиб намоз ибодатларини бажаришга руҳсат берилмади. Масжидларда жума намозлари ҳам таъқиқланди. Одамлар савобли амалларини уйда, оила даврасида адо этадиган бўлдилар. Бироқ “Дизайн”га бунинг алоқаси йўқми ёки қўпол қилиб айтганда “шохи борми”?! Нима учун барча жойда бирдек ўрнатилган тартибга улар риоя қилишмайди? Бир гуруҳ масхарабозларнинг саҳнага чиқиб кўрсатган бачкана қилиқлари нахот, инсонлар ҳаётидан устун бўлса?..

Биз мазкур ҳолат бўйича баъзи юртдошларимизнинг фикрларини ўргандик.    

Манзура Ҳалилова, пенсионер:

-Албатта, бундай концертлар ўтказилишига қаршиман. Айниқса, ҳозирги ҳолатда. Коронавирус орқасидан замон қандай тахликада бўлиб турибди. Бундай вазиятда нафақат ўзимиз, балки атрофимиздагиларнинг ҳам хавфсизлигини ўйлашимиз керак. Шунинг учун ҳозирги вақтда бундай концертларга тушмайман, фарзандларимни ҳам юбормайман.

Камола Хушвақтова, талаба:

-Инсон фақат коронавирусдан эмас, бошқа касалликлардан ҳам вафот этиши мумкин. Масалан, гепатит, онкологик касалликлар, турли автоавариялар ва ҳоказо... Бу жараён карантинга боғлиқ бўлмаса керак. Лекин барибир “Дизайн”нинг қилган ишини ёқламайман.

Омина Абдурасулова, уй бекаси:

-Ҳамма ўз билади, ўз фикридан, дунёқарашидан келиб чиқиб иш тутади. Мен бир нима дейишга ожизман. Аммо мен ҳам ҳозирги вақтда концертларга бормасдим. Болаларимни ҳам олиб бормайман. Ҳамманинг соғлиги ўзи учун қадрли.

Азиз Мелиқулов, ишчи:

-Мен карантин вақти концертларга борган жойим йўқ. Ҳаммамиз уйдамиз. Ишга бориб, ишдан келамиз, холос. Аммо бунақа концертларга қизиқаман. Лекин ҳаёт биздан шундай чекловларга риоя қилишни тақозо этмоқда. Ҳукумат карантинни тўхтатгани билан барибир фойдаси йўқ. Одамлар қоидаларга онгли амал қилиши керак.

“Адолат – ҳар бир инсон учун” тамойили асосида иш тутадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП ушбу ҳолатга нисбатан масъулларнинг изоҳини ҳам  кутиб қолади.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+